Хавотирли келажак. Бюджетда нима қолди?

Интервью

2024 йил давлат бюджети учун оғир келди. Ўзбекистон жорий йил бошидан бери рекорд даражадаги бюджет дефицитини бошдан кечирмоқда. Ҳисоб-китобларга қараганда, ярим йил якунлари бўйича, бюджет тақчиллиги 30 трлн сўмдан ошган. 

Ўтган йили ҳам Ўзбекистон бюджет мувозанатида тарихдаги энг ёмон кўрсаткични қайд этиб, йилни 59 трлн сўмлик дефицит билан якунлаган эди.

Тақчилликка сабаб бўлаётган омиллар нима? Бюджет дефицитининг мамлакат умумий иқтисодиётига таъсири қандай, харажатларни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самара беряптими? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида QALAMPIR.UZ иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқуловни интервьюга таклиф этди.

— Тўлқин ака, ўзингизга ҳам маълум, давлат бюджетида рекорд даражада дефицит кузатилмоқда. Бюджет дефицитининг умумий иқтисодиётга, оддий аҳоли турмуш тарзига қандай таъсири бор?

— Давлат бюджети асосий макроиқтисодий кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун дунё мамлакатлари, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам бюджет дефицити суммасига нисбатан чегара белгиланган. Бу чегара Мастрих шартномасида келтирилган бўлиб, номинал ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошиб кетмаслиги керак. Дефицит 3 фоизлик кўрсаткичдан ошиб кетган тақдирда, бу ЯИМ ўсишига салбий таъсир қилиши ва инфляцияни кучайтириши экспертлар томонидан исботланган. 

Ўзбекистон 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида мана шу кўрсаткични қабул қилган эди. Аммо, унда белгиланган 3 фоизлик нормани бажара олмади. 2023 йилда кўрсаткич 4 фоизга ўзгартирилди, лекин яна дефицит миқдори номинал ЯИМ ҳажмига нисбатан 4 фоиздан ошиб кетди. Шундан кейин яна Сенаторлар томонидан ушбу норма 5,5 фоизга оширилди. 

Бюджет тақчиллигининг ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий жиҳатдан ёмон оқибатлари бор. Ижтимоий оқибатларига тўхталсак: давлатнинг бюджет ташкилотлари ходимлари ойлик маошини ошириш имконияти чекланиб қолади. Масалан, ўқитувчилар маошини ҳеч бўлмаганда 1 миллион сўмга ошириш учун давлатга ҳар ойда қўшимча ярим трлн сўм пул топишига тўғри келади. 

Иқтисодий оқибатларига келсак, давлат бюджет тақчиллигини қоплолмаса, ташқи қарз олиб, дефицитни ёпишга мажбур бўлади. Бу эса инфляция ва миллий валюта қадрсизланишига олиб келади.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

давлат бюджети Тўлқин Бобоқулов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг