Украина ҳарбий эҳтиёжлар учун яна 12 миллиард доллар ажратди
Олам
−
18 Сентябрь
1891Олий Рада Украинанинг 2024 йилги давлат бюджетидаги мудофаа ва хавфсизлик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ўзгартиришларни маъқуллади. Бу ҳақда парламент депутати Ярослав Железняк маълум қилди.
“Парламент бу йил бюджетни ҳарбий эҳтиёжлар учун 500 миллиард гривнага (12 миллиард доллардан ортиқ) ошириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди”, деб ёзган у Telegram-каналида.
Железнякнинг сўзларига кўра, шу билан Украинанинг харажатлари 2024 йил учун рекорд даражадаги 3,73 триллион гривнани (90 миллиард долларга яқин) ташкил этади.
Маълумот учун, мамлакат Бош вазири Денис Шмигаль ҳукумат келаси йилги давлат бюджети лойиҳасини 1,6 триллион гривна (38,6 миллиард доллар) дефицит билан маъқуллаганини маълум қилган. Даромадлар 2 триллион гривна (тахминан 48 миллиард доллар), бюджет харажатлари эса 3,6 триллион гривна (87 миллиард доллар) миқдорида бўлиши кутилмоқда. Ҳукумат раҳбари барча ички ресурслар яна мудофаа ва хавфсизликка йўналтирилишини таъкидлади. Унга кўра, мудофаа харажатлари камида 2,22 триллион гривнага (53,6 миллиард доллар) ошади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага 250 миллион доллар миқдорида навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишини эълон қилган эди.
LiveБарчаси