“Хатолар такрорланмаслиги керак”. Президент Афғонистондаги вазият бўйича хавотир билдирди

Жамият

image

Дунё ҳамжамияти Афғонистон устидан қарор қабул қилаётганда, ўтган асрнинг 90-йилларида қилган хатоларини такрорламаслиги керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 26 июль куни “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” халқаро конференцияси иштирокчиларига йўллаган мурожаатида сўз борган. 

“Аминмизки, жаҳон ҳамжамияти бугун 1990-йиллардаги хатоларни қайта такрорламайди, уларни четлаб ўта олади ва шунга эришиш лозим”, дейди давлат раҳбари. 

Мурожаатда қайд этилганидек, Амударёнинг нариги соҳилида тинчлик бўлмаса Ўзбекистонда ҳам, бутун Марказий Осиё минтақасида ҳам хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди.

“Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келиши муқаррар, шу боис бунга йўл қўймаслик муҳимдир. Гап миллионлаб инсонларнинг тақдири ҳақида бормоқда”, дейди Мирзиёев.

Шунингдек, Президент бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган воқеалар дунё ҳамжамиятида Афғонистонга нисбатан эътибор сусайишига сабаб бўлаётгани ва бу хавотирни уйғотаётганини қайд этган. 

“Ўзининг янги тарихида чуқур ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар инқирозга дуч келаётган Афғонистонга нисбатан эътибор дунёда тобора сусайиб бораётгани хавотир уйғотмасдан қолмайди”, дейди Мирзиёев. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 26 июль куни пойтахт Тошкентда “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда. Унда Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий бошчилигидаги Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси ҳам иштирок этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт

Баҳолаганлар

261

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made