Харьковни олиш ниятим йўқ – Путин
Олам
−
17 Май
12094Россия Президенти Владимир Путин мамлакати Харьковни олиш ниятида эмаслигини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбари Хитойнинг Харбин шаҳрида журналистлар билан суҳбатда сўз очди.
“Бу ҳам уларнинг айби (Украина ҳукумати), чунки улар ўт очишди ва афсуски, чегара ҳудудларидаги турар-жойларни, шу жумладан Белгородни ўққа тутишда давом этмоқда. У ерда тинч аҳоли ўлмоқда. Агар шундай давом этса, биз хавфсизлик ва санитария зонасини яратишга мажбур бўламиз, деб айтгандим. Биз шундай қиляпмиз”, дея тушунтирган Владимир Путин.
Унинг айтишича, бу Россия ҳудудларини ўққа тутишга жавобан буфер зона яратишга уринишдир.
Шунингдек, Президент Россия қўшинлари Харьков йўналишида қатъий режа бўйича ҳаракатланаётганини таъкидлаган. Аммо Россия Харьковни олиш ниятида эмаслигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 10 май куни Россия ҳарбийларининг Харьков вилояти чегарасига ҳужуми бошланганди. Президент Владимир Зеленский Ғарбдаги ҳамкорларини Украина ҳимоячиларига ваъда қилинган қуролларни ўз вақтида етказиб беришда қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди. АҚШ Президенти Жо Байден эса Киевга 400 миллион долларгача ҳарбий ёрдам ажратиш ҳақидаги фармонни имзолади. Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти Украинага учта HIMARS қурилмасини зудлик билан сотишга рухсат берди. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага уруш бошланганидан бери энг катта ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишини эълон қилди.
Ёрдамнинг навбатдаги партияси тўрт миллион ўқ-дори, 1600 дан ортиқ зарба берувчи ва зенит-ракеталар, шунингдек, 400 та техника, жумладан, 162 та зирҳли техника ва 78 та ерусти техникасидан иборат бўлади. Зеленский эса 14 май куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда Харьков ва минтақани ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, хусусан Patriot зарурлигини айтди.
Американинг “Politico” нашри Россия қўшинларининг Харьков вилоятидаги ҳужуми уруш натижаси учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин бўлган ҳал қилувчи жангнинг бошланиши эканини ёзди.
LiveБарчаси