Ханазаров иши янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун юборилди
Интервью
−
27 Сентябрь 2021
13811Жорий йилнинг 13 сентябрь куни QALAMPIR.UZ’да “Полный программа”да тергов қилинган тадбиркор оқланди. Туҳматчи ва буюртмачилар ҳамон очиқда қолмоқда” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. Унда “Exspress Preg Dizayn” хусусий корхонаси раҳбари Бахтиёр Ханазаров 2013 йилда туҳмат ва бўҳтон билан қамалгани, унга тегишли мол-мулклар мусодара қилинган, ўтган вақт мобайнида оқланиб, озодликка чиққан бўлса ҳам ундан ноқонуний тортиб олинган мулклар ёки уларнинг тенг маблағлар қайтарилмагани ҳақида ҳикоя қилганди.
QALAMPIR.UZ’нинг ушбу ҳолат бўйича суриштируви эълон қилинганидан 10 кун ўтиб Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий муносабат билдирди. Муносабатда асосан QALAMPIR.UZ суриштирувида эълон қилинган ҳолатлар келтирилган бўлиб, муносабат сўнгида Олий суд қуйидагиларни қўшимча қилади.
“Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2021 йил 9 сентябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2021 йил 10 июндаги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун Сирғали туман судига юборилган”.
Воқеа қандай бўлган?
Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2013 йил 4 июлдаги ҳукмига кўра Бахтиёр Ханазаров Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “б”, “в” бандлари, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 3-қисми билан айбдор, деб топилиб, ушбу кодекснинг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун уч йил муддатга ташкилий бошқарув, маъмурий ҳўжалик вазифаларини бажариш билан боғлиқ лавозимларда ва корхоналарда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Шунингдек, мазкур жиноят иши доирасида Санжар Шукуров, Моҳира Абдукаримова, Камола Иргашева ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топилган ва жавобгарликка тортилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2013 йил 23 августдаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2013 йил 4 июлдаги ҳукмининг Б. Ханазаров, М. Абдукаримова ва К. Иргашевага оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 22 январдаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2013 йил 23 августдаги ажримининг Б. Ханазаровга тегишли қисми бекор қилиниб, жиноят иши янгидан кассация инстанциясида кўриш учун юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2019 йил 20 июндаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2013 йил 3 июлдаги ҳукмининг Б. Ханазаровга оид қисми ўзгартирилган. Б. Ханазаровнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 243-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан реаблитация қилинган. Б. Ханазаровнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандларидан ушбу модданинг 1-қисмига қайта квалификация қилиниб, унга шу модда билан 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, Б. Ханазаровнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 189-моддаси 3-қисмидан ушбу модданинг 1-қисмига қайта квалификация қилиниб, унга шу модда билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, ушбу кодекснинг 59, 61-моддалари тартибида узил-кесил 1 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазо ўталган, деб ҳисобланган. Ҳукмнинг қарор қисмидаги судланувчи Б. Ханазаровдан пора предмети сифатида давлат даромадига 36 000 000 сўм ундириш қисми чиқарилган. Ҳукмнинг қарор қисмидаги Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 7-мавзеда жойлашган “Express Proyekt Dizayn” хусусий корхонасига қарашли “Спорт ва соғломлаштириш мажмуаси” ҳамда 5 дона компьютернинг система блок (кейс) ларини давлат даромадига ўтказиш бекор қилиниб, мазкур бино-иншоот ҳозирда виждонли сотиб олувчи томонидан қонунда белгиланган тартибда сотиб олинганлиги инобатга олиниб, сотилган давридаги пул маблағи “Express Proyekt Dizayn” хусусий корхонасига қайтариш белгиланган.
Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов хайъатининг 2020 йил 29 июндаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2019 йил 20 июндаги Б. Ханазаровга нисбатан чиқарилган ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан кассация инстанцияси судида кўриш учун юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2020 йил 22 декабрдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2013 йил 4 июлдаги ҳукмининг Б. Ханазаровга оид қисми бекор қилинган. Б. Ханазаровнинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли айбсиз, деб топилиб, реабилитация этилган. Жиноят ишининг унга оид қисми Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилган.
Ҳукмнинг Тошкент шаҳар прокуратурасининг депозит ҳисобрақамига 2013 йил 23 февралдаги тўлов паттасига асосан топширилган 984 715 сўмни давлат даромадига ўтказиш, Б. Ханазаров ҳисобидан давлат даромадига пора предмети сифатида 36 000 000 сўм ундириш, далилий ашё тариқасида олинган Б. Ханазаровнинг шахсий блокноти, Б. Ханазаров томонидан ёзилган қўлёзма, 2 дона иккиламчи бухгалтерия дафтарларини жиноят ишида сақлашлик учун қолдириш қисми бекор қилинган.
Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 7-мавзеда жойлашган “Express Proyekt Dizayn” хусусий корхонасига қарашли “Спорт ва соғломлаштириш мажмуаси” ҳамда 5 дона компьютернинг система блок (кейс) ларини давлат даромадига ўтказиш қисми бекор қилинган.
Бино-иншоот ҳозирда виждонли сотиб олувчи томонидан конунда белгиланган тартибда сотиб олинганлигини инобатга олиб, кассация инстанцияси сотилган даврдаги пул маблаги “Express Proyekt Dizayn” хусусий корхонасига қайтарилиши белгиланган.
Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2021 йил 10 июндаги ажрими кўра Б. Ханазаровнинг ноқонуний жиноий жавобгарликка тортилганлиги натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириб бериш ҳақидаги аризаси иш материаллари асосида ўрганиб чиқилиб, унинг аризаси қисман қаноатлантирилган.
Маълумот учун, 2021 йил 18 февралда Тошкент шаҳар судлари, Малака хайъатининг ф-16-сон фармойиши асосида Жиноят ишлар бўйича Сирғали туман судининг собиқ судьяси Х.Тулягановга хизмат текширувини ўтказиш ЖИБ Учтепа туман суди раиси Д.Камиловга топширилган. Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Х.Туляганов 2014 йилда суд органларидаги хизматдан бўшаб кетган бўлса-да, суд томонидан хизмат текшируви ўтказилган ва текширув хулосасига кўра, “Мурожаатда келтирилган важлар ўз тасдиғини топмаган, деб ҳисоблансин ва Жиноят ишлар бўйича Сергели туман суди судьяси Х.Туляганов томонидан Б.Ханазаров ва бошқаларга оид жиноят иши бўйича қонун талаблари бузилмаган, деб топилсин”, деб хизмат текшируви тугатилган.
"EXPRESS PROYEKT DIZAYN" ХК раҳбари Б.Ханазаров бугунги кунда оқланган бўлса-да, лекин ҳамон унга нисбатан туҳмат қилганлар, тергов жараёнини олиб борганлар ва ҳукм чиқарган судьянинг масаласи очиқ қолмоқда.
QALAMPIR.UZ ушбу суриштирув доирасидаги фаолиятини давом эттиради. Қўшимча маълумотларни бериб борамиз.
Журналистик суриштирувни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси