Халоков ва Мулложоновнинг ҳарбий унвони ҳам муддатидан олдин кўтарилди
Спорт
−
29 Август
35604Олимпиада ўйинларида олтин медални қўлга киритган боксчилар лейтенант Абдумалик Халоков ва лейтенант Лазизбек Мулложоновга муддатидан олдин катта лейтенант унвони берилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Шу билан бирга, ўйинларнинг бронза медалини қўлга киритган дзюдочи, сафдор Музаффарбек Тўрабоев лейтенант унвони билан тақдирланди.
Бундан ташқари, Олимпия ўйинларининг иштирокчилари, жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби лейтенант Исломжон Баҳромов, ёзги Осиё ўйинлари олтин медали соҳибаси кичик сержант Екатерина Воронина, икки карра Осиё чемпионати бронза медали соҳибаси кичик сержант Актенге Кеунимжаева, икки карра ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси, уч карра Осиё чемпионати совриндори сафдор Шарофиддин Болтабоев, Осиё ва Жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби сафдор Муроджон Йўлдошев ва Жаҳон чемпионати олтин медали соҳиби сафдор Арам Варданян Ички ишлар вазирининг “Фахрий ёрлиғи” ва эсдалик совғаси билан мукофотланди. Спортнинг бокс тури устаси, Жаҳон чемпиони, маёр Исроил Мадримовга эса “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони берилди.
Маълумот учун, боксчилар Баҳодир Жалолов ва Ҳасанбой Дўсматовнинг ҳарбий унвонлари ҳам муддатидан олдин кўтарилганди.
Эслатиб ўтамиз, боксчи Исроил Мадримов март ойида Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган профессионал бокс оқшомида россиялик чарм қўлқоп устаси Магомед Қурбоновни техник нокаутга учратиб, Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) чемпионлик камарини қўлга киритиб қайтганидан сўнг, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов унга муддатидан олдин майор ҳарбий унвонини топширганди.