Халқ пулини машшоқларга сочаётган вазирлик: Маданиятнинг куни кимларга қолди?
Таҳлил
−
23 Апрель
53990Халқда “Машшоғи кўп юртнинг қашшоғи кўп бўлади” деган эски гап бор. Бу гап эскидир, аммо дунё аллақачон самони эгаллаётган, ракеталар тинимсиз парвоз қилаётган, учувчисиз учоқлар ҳайратда қолдираётган, инновацион технологиялар миллиардлаб пулларимиз эвазига ташқаридан кириб келаётган бир вақтда Ўзбекистонда яна миллионлаб пуллар ўйин-кулги, базм-жамшид, тўй-ҳашамга сарфланяпти. Бундай тадбирлар бошида эса яна Маданият вазирлиги турибди.
Вазирлик ташаббуси билан ташкил этилган “Артист” лойиҳасини кўпчилик яхши эслайди. Қанчадан қанча вақт ва харажатни талаб қилган ушбу лойиҳа якунига етдими, унга сарфланган пул, унда олиб чиқилган истеъдодлар ҳақида аниқ ҳисоботлар мавжуд эмас. Вазирлик эса бир лойиҳа тугамасидан иккинчисини бошлади. Бу "Овоз" лойиҳаси. У неча 10 йилларким ўзимиздаги Севара Назархонни ўзимизга қайта кашф қилиб берган "Голос"нинг ўзбекча варианти. Лойиҳа учун давлат бюджетидан каттагина маблағ ажратилган. Вазирлик таъмирталаб театр, кутубхона ва истироҳат боғлари қолиб, бу каби шоуларга миллиардлар сарфлаши қанчалик тўғри? Солиқ тўловчилар бюджет пулларининг шу тариқа ишлатилишига қандай қарайди?
Давлат бюджетига икки миллиард сўмга тушган лойиҳа
Бир неча кун аввал Маданият вазирлиги “Овоз” телевизион лойиҳаси учун бюджетдан қарийб 2 миллиард сўм маблағ ажратди. Бу фақат гонорар учун тўланадиган пулдир. Шартномада келтирилишича, телелойиҳада қатнашувчи 3 нафар устоз учун ойига 38 млн сўмдан жами 684 млн сўм, 1 нафар бадиий раҳбар учун ойига 57 млн сўмдан жами 342 млн сўм, 1 нафар мусиқа директори учун 38 млн сўмдан, 228 млн сўм ҳамда 6 нафар созандага 14,5 млн сўмдан жами 522 млн сўм тўланади. Ғолибга KIA автомобили совға қилинади, кимнинг ҳисобидан экани эса номаълум.
Бу хабар ижтимоий тармоқларда тарқалиши билан, Маданият вазирлиги дарҳол муносабат билдирди. Вазирликнинг иддао қилишича, “Овоз” лойиҳасидан Ўзбекистондаги иқтидор эгаларини қидириб топиш, уларга истеъдодини юзага чиқариш учун имконият яратиш, “устоз-шогирд” анъанасини мустаҳкамлаш каби мақсадлар кўзланган.
“…Маданият вазирлиги томонидан режалаштирилган мазкур харажатлар телелойиҳани ташкил этиш билан боғлиқ харажатларнинг 30 фоизини ташкил этади”, дейилади баёнотда.
“Овоз” шоусининг ҳакамлари орасида Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам бор. Бошқа мамлакатларда бу каби лойиҳалар хусусий ташкилотлар, продюсерлик компаниялари томонидан ташкил этилса, Ўзбекистонда шахсан Маданият вазири бошчилигида амалга оширилмоқда. Бир ой аввал ўтказилган матбуот анжуманида Озодбек Назарбеков “Овоз” телелойиҳасини қўллаб-қувватлашининг сабабини қуйидагича тушунтирган эди:
“Маданият вазирлигининг бу лойиҳада иштирок этишининг энг катта сабабларидан бири лойиҳа ҳамма жойда ҳам ўзини оқлаб, ҳамма жойда ҳам яшаб кетгани йўқ, қайсидир ҳудудларда муваффақиятсиз бўлди. Тўғрисини айтсам, бу лойиҳага бирдан келишим қоқилса оёққа қўйиш учун. Бир йил, икки йилда ўзини эплаб кетишига ишонамиз, лекин шунгача қайсидир маънода давлат сифатида лойиҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида ёнида туришни мақсад қилганмиз”.
Ундан олдинги “Артист” телелойиҳаси ҳам айнан Маданият вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган эди. Вазирлик лойиҳа учун қанча маблағ ажратгани бўйича ҳисобот ҳам, маълумот ҳам бермаган. Бизга фақат шуниси маълумки, ғолиб бўлган уч нафар иштирокчига лицензия билан биргаликда вазирлик томонидан продюсерларга бириктирилган ҳолда, уларнинг муаллифлик қўшиқларини ёзишида, клиплар суратга олишида, гала концертларда иштирок этишида ҳам моддий, ҳам маънавий тарзда амалий ёрдам кўрсатилади.
Халқаро тоифадаги маданият ва санъат менежери, Дунё мусиқаси бўйича эксперт Ҳусниддин Ато Маданият вазирлигининг телелойиҳага сармоя киритишига танқидий фикр билдирди.
“Бу Маданият вазирлигининг иши эмас. Агарда кимдир “Овоз” каби лойиҳаларни вазирлик қўллаб-қувватлаши учун 10 та сабаб топиб айтса, уларнинг барчасини инкор этувчи далил келтириб, бундан муҳим бўлган бошқа 10 та масалани келтириб ўтишим мумкин. Маданият вазирлиги айни шароитда эътиборини, вақтини шоуга тикиши ноўрин, Ўзбекистон маданиятига масъулман деган ташкилот учун айни кунда бу йигирманчи даражадаги масала", дейди Ҳусниддин Ато.
QALAMPIR.UZ сайти “Овоз”, “Артист” лойиҳалари учун бюджетдан маблағ сарфланишига аҳолининг муносабатини ўрганиш мақсадида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида сўровнома ўтказди. Унда иштирок этганларнинг 95 фоизи мазкур шоуларга давлат томонидан пул ажратилишига қарши эканини билдирган.
“Ташқи қарзимиз ва ички муаммоларимиз етарлича. Бундай вақтда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган “Артист, “Овоз” телелойиҳалари кимга керак?” дейди сўровнома иштирокчиларидан бири.
Яна бир қатнашувчи эса ўзбек халқининг азалий муаммосини эсга олган:
“Халқ ўзининг ёнидан кўчаси асфальт бўлиши учун пул тўплаётган бир пайтда бу лойиҳалар умуман кераксиз”.
Шу ўринда савол: нима учун ҳофизларни излаб топишга, уларни “кўтаришга” халқнинг пуллари сарфланмоқда? Неча йиллардан буён солиқ тўламай келадиган машшоқлар давлат бюджетига қандай фойда келтирдики уларни қўллаб-қувватлаш учун бунча маблағ ажратилса? Халқнинг пуллари эвазига кўтарилган санъаткор тўйларда хизмат эвазига минглаб доллар олиб, яна халқнинг пулларини шилишда давом этадими?
Ҳавога совурилаётган бюджет пуллари
Маданият вазирлиги давлат бюджетидан энг кўп маблағ олувчи ТОП-10 вазирлик қаторига киради. 2023 йилда вазирликка бюджетдан 819,7 миллиард сўм, 2024 йилда эса 1,1 триллион сўм маблағ ажратилган.
Ўзбекистондаги ҳеч қайси вазирлик бюджетдан ишлатилган пулларнинг ҳисоботини бермайди. Жамоатчилик фақат электрон харидлар порталида тузилган шартномалардангина хабардор бўлиб туриши мумкин. Қилинган харидлар бўйича энг кўп муҳокамалар остида қоладиган вазирлик – бу, шубҳасиз, Маданият вазирлиги.
2022 йилда вазирлик томонидан 15,5 миллиард сўмга “Маданият карвони” учун мўлжалланган иккита махсус автотранспорт воситаси сотиб олинди. Эътирозларга жавобан, вазир Озодбек Назарбеков қўшниларимизда ҳам бундай машина йўқлигини айтиб мақтанди.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида эса маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳақида маълумотни ўзида жамловчи янги портал учун қарийб ярим миллиард сўм маблағ ажратилди. Маданият вазири қабул қилган буйруқда харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан қопланиши қайд этилган.
Бундан ташқари, ўтган йили маданият соҳаси вакиллари учун уй-жой сотиб олишда субсидия берувчи қарор ишлаб чиқилди. Қарорга кўра, маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида (бироқ ҳисобланган маълум миқдордан юқори бўлмаган қийматда) субсидия берилади. Маблағ маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланиши айтилди.
Ҳужжат ҳали кучга кирганича йўқ, аммо унинг лойиҳаси эълон қилиниши билан яна кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб улгурди. Мол-мулки ва бойлиги ҳали декларациядан ўтказилмаган санъаткорларнинг солиқ тўловчилар маблағлари эвазига уй сотиб олиши кўпчиликка хуш келмади. Гарчи вазирлик фақат хонандалар эмас, маданият ходимлари, санъат вакиллари, кутубхоначиларга уй-жой сотиб олишда ёрдам берилишини иддао қилган бўлса-да, жамоатчилик бу гапларга ишонмади. Ҳарқалай, Маданият вазирлиги коррупциядан ҳоли ташкилот эмас. 2020 йилда Сенат Раиси Танзила Норбоева Маданият вазирлигида 12 миллиард сўм пул маблағлари талон-торож қилингани ҳақида маълумот берган.
Тутуриқсиз тадбирлар
2013 йилдан Маданият вазирлиги ташаббуси билан “Эътироф” йил танловини ўтказиш бошланган эди. 2017 йилда танлов тўхтатилди, 2018 йилдан бошлаб янги – “Эҳтиром” танлови ташкил этилди. 2021 йилга келиб “Эҳтиром” мукофотлаш тадбири ҳам тўхтатилди. 2022 йилдан яна “Эътироф” танловини ўтказиш қайта йўлга қўйилди.
Умуман олганда, маданий ҳордиқ ўзбекистонликлар учун қимматга тушмоқда. Йилда битта танловни ўтказишни эплолмаган вазирлик 2021 йилдан буён ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида Тошкентда “Ипак йўли дурдонаси” халқаро кинофестивалини ўтказиб келмоқда. Кинофестивалга ташриф буюрувчи нуфузли меҳмонларнинг йўл ва меҳмонхона харажатлари, озиқ-овқати ҳам ҳотамтой ўзбек халқининг бўйнида.
Ўтган йилги кинофестивалга Россия пропагандаси билан фаол шуғулланиб келаётган россиялик кўплаб санъаткорлар таклиф этилгани жамоатчилик вакиллари ва зиёлиларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Тошкент кинофестивалида юксак ҳурмат билан қарши олинган актриса – Наталья Варлей ўз юртига қайтиб борганидан сўнг “Эмпатия Манучи” каналига интервью берди. Унинг сўзларига кўра, ССРнинг тугатилиши тарихнинг энг катта хатоси бўлган, МДҲ мамлакатларини эса ҳозир “сариқ подшоҳчалар” бошқармоқда. 2022 йилги кинофестивалда эса Бурак Озчивит ва Нургул Ешилчай хурмача қилиқлар кўрсатган эди.
Кинофестивалга бюджетдан қанча маблағ ажратилаётганини расмийлар очиқламаган. Шуниси маълумки, кинофестиваль давомида маълум йўналишдаги фильм ижодкорлари диплом, рамзий ҳайкалча ва 20 минг АҚШ долларидан иборат бўлган 5 та пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, Осиё ва Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар ёш киноижодкорларининг қисқа метражли фильмлари фестивали ўтказилиб, ғолибларга жами 32 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти берилади.
Маданият вазирлигининг “етим” ташкилотлари
Маданият вазирлиги фақат қўшиқчи-ю қизиқчилар қатнашадиган тадбирлар эмас, республикадаги кутубхоналар, ҳайвонот боғлари, истироҳат парклари учун ҳам жавобгардир. Кунлар исиб, дам олиш масканларига келувчилар сони ортадиган мавсум бошланмоқда. Истироҳат боғлари мавсумга тайёрми?
Вазирлик мутасаддилари хушовоз хонандаларни қидириб юрган бир пайтда, чекка туманлардаги боғлар аянчли аҳволда, кимса қадам ранжида қилмайдиган жойга айланиб улгурган. Буни аҳолининг паркларни таъмирлаш мақсадида Очиқ бюджет орқали овоз тўплаётганидан ҳам билиш мумкин. Яқинда тармоқларда тарқалган аянчли видеотасвирни олайлик: Термиз ҳайвонот боғидаги айиқлар озиб-тўзиб, кучукка ўхшаб қолган. Кутубхоналарга кириб, ўзбек тилидаги илмий китобларни тополмайсиз, жавонларда ССР замонидан қолган китоблар тахланиб туради. Чекка ҳудудларда ишлайдиган шўрлик кутубхоначилар остона хатлаб кирган кишига китоб бериш ўрнига “Уйингизда китоблар бўлса, бизга беринг”, дея уларнинг ўзидан китоб сўрайди.
Серхаражат вазирликка қарашли маданият муассасалари, театр, кутубхона ходимлари республика бўйича энг кам маош оладиган тоифага киради.
Маданият вазирлигига тегишли ташкилотларда ўртача маош қуйидагича:
Цирк ва театрларда:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 3 млн 144 минг сўм;
бадиий раҳбар ходимлар – 3 млн 513 минг сўм;
театр артистлари – 2 млн 379 минг сўм.
Концерт ташкилотлари ва саройларда:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 2 млн 824 минг сўм;
Бадиий раҳбар ходимлар – ўртача 2 млн 680 минг сўм;
Мусиқа ва рақс жамоалари – 1 млн 759 минг сўм.
Ҳайвонот боғларида:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 3 млн 84 минг сўм;
Илмий ижодий ходимлар – 2 млн 930 минг сўм;
Бошқа ходимлар – 2 млн 145 минг сўм.
Музейларда:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 3 млн 731 минг сўм;
Бошқа ходимлар – 2 млн 524 минг сўм.
Маданий-маърифий муассасаларда:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 2 млн 932 минг сўм;
Ижодий ходимлар – 2 млн 932 минг сўм;
Бошқа ходимлар – 1 млн 786 минг сўм.
Давлат архивларида:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 2 млн 279 минг сўм;
Илмий ходимлар – 2 млн 423 минг сўм.
“Ўзбек маданиятининг энг катта душмани”
Ўтган йилнинг ноябрь ойида 2024 йил учун мўлжалланган давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинганда Ўзбекистон жамоатчилиги Маданият вазирлигига катта миқдорда маблағ ажратилганидан норози бўлди. Кўпгина зиёлилар Маданият вазирлигини Ўзбекистонга керак эмас, деб ҳисоблашини билдирди.
“Гап Маданият вазирлигига кам ёки кўп пул ажратилиши ҳақида эмас, вазирлик тўлиқ тугатилиши ҳақида кетиши керак. Кутубхоналар, театрлар, музейлар тўғридан тўғри молиялаштирилиши керак. Ўғри ва паразитлар орқали эмас”, деб ёзди Х (Тwitter) даги саҳифасида иқтисодчи Отабек Бакиров.
Унинг фикрига жавобан таниқли кинорежиссёр Сарвар Каримов Маданият вазирлигини ўзбек маданиятининг душмани деб атади:
“Ўзбек маданиятининг энг катта душмани – бу Маданият вазирлиги”.
Бундан тўрт йил аввал вазир Озодбек Назарбековнинг ўзи Маданият вазирлигининг фаолияти фақат тадбирбозликдан иборат бўлиб қолганини айтган эди. Мана орадан тўрт йил ўтди, бу вақт ичида тадбир-у шоулар кўпайгандан кўпайдики, камаймади. Вазирнинг ўзи эса ҳали "Артист", ҳали "The Cover up kids" ҳали "Овоз"да ҳакамлик қилиб ўтиришдан ортмаяпти. Таъмирталаб кинотеатрлар, театрлар, истироҳат боғлари, маданий кўнгилочар марказлар вазирликнинг биргина эътиборига муҳтож аҳволда. Санъат ва маданият фақат ширали овоздан, қарсак-у тадбирбозликдан иборат эмаслигини Маданият вазирлигининг ўзи қачон англаб етади? Ҳофизларнинг хонишидан бироз бош кўтариб, мамлакатдаги реал вазиятга қараш вақти қачон келади?
LiveБарчаси