“Халқ банки” пенсия тарқатиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин
Жамият
−
13 Март 2021
18043Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Фуқароларга давлат пенсиясини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра 2022 йил 1 январдан бошлаб:
• Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси) томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни (кейинги ўринларда пенсия ва нафақалар) тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади;
• пенсия ва нафақалар етказилганлиги учун хизмат ҳақини тўлаш учун фуқароларнинг ҳар ойлик пенсия ва нафақа миқдорига қўшимча 1 фоиз устама жорий қилинади ҳамда тўловларни нақд пулсиз шаклда олиш ёки арзонроқ хизматдан фойдаланиш ҳисобига иқтисод қилинган маблағ пенсия ва нафақа олувчининг иҳтиёрида қолдирилади;
• пенсия ва нафақа олувчиларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсини тасдиқлайдиган, эгасининг шахсий биографик маълумотлари қайд этилган, электрон ташувчи қурилмага (чипга) эга бўлган банк картаси сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд махсус пенсия картаси жорий этилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
• икки ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
• уч ой муддатда Пенсия жамғармаси тизимида фойдаланиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, фуқароларни пенсия ва нафақа таъминотига оид нормаларни бирлаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
• 2021 йил 1 сентябрга қадар Марказий банк билан ҳамкорликда 2022-2024 йилларда ҳудудларда пенсиялар ва нафақаларни тўлаш бўйича тендер ўтказиш чораларини кўради;
• 2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни амалга ошириш учун зарур маблағларни кўзда тутади.
Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2826-сон қарорига асосан 2017 йил 1 июндан пенсия ва нафақалар тўлови “Халқ банки” томонидан амалга оширилмоқда.