Хакерлар Пентагон сайтидан 3 млн ходимнинг махфий маълумотларини ўғирлади

Олам

−

image

Хакерлар Пентагоннинг 3 миллиондан ортиқ амалдаги ва собиқ ходимларининг махфий маълумотларини ўғирлади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилларига таяниб, ABC хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, жуда кўп сонли ҳарбий хизматчиларнинг махфий маълумотлари, жумладан, ижтимоий суғурта рақамлари ва уларнинг лавозимлари ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлган. Ушбу маълумотларнинг миқёси ва хусусияти миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан хавотир уйғотиши мумкин.

Хабар қилинишича, 2025 йилнинг октябрь ойидан 2026 йилнинг июль ойига қадар бўлган даврда оз сонли ваколатсиз фойдаланувчилар шахсий маълумотларга ноқонуний кириш имконига эга бўлган. Муаммо аниқлангач, Мудофаа вазирлигининг Мудофаа кадрлар маълумотлар маркази (DMDC) зудлик билан заифликни бартараф этган.

Хакерлик ҳужуми ҳақида ўтган ҳафтада биринчи бўлиб “Military Times” нашри хабар берган. Пентагон вакилларининг билдиришича, айни пайтда ошкор қилинган маълумотлардан жиноий ёки бошқа мақсадларда фойдаланилганига оид ҳеч қандай далил аниқланмаган. Ҳозирда жабрланувчиларга шахсни ҳимоя қилиш ва кредит тарихини мониторинг қилиш хизматлари таклиф этилмоқда.

Нашр манбаларининг хабар беришича, номаълум шахс Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ходимларининг исм-шарифлари, уларнинг уй манзиллари, шахсий ва ишчи алоқа маълумотлари, ижтимоий суғурта рақамлари, туғилган саналари ва фавқулодда вазиятларда боғланиш учун контакт маълумотларини ўз ичига олган маълумотларни эълон қилишини айтган. Манбаларга кўра, бюро ҳар бир ФҚБ ходимининг шахсий маълумотлари хавф остида қолган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминга таяниб ҳаракат қилмоқда. 

ФҚБ эҳтимолий жабрланган ходимларни огоҳлантириб, уларни ҳушёрликни сақлашга ва шубҳали қўнғироқларга жавоб бермасликка чақирган. Жабрланган ходимлар учун ички йўриқномалар ҳам ўтказилади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил 2026 йилнинг биринчи ярмида эълон қилинган хакерлик DDoS-ҳужумлари сони бўйича дунёда энг кўп ҳужумга учраган мамлакатга айлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг