Кейинги даҳшатли зилзила Истанбулда бўлиши муқаррар – олимлар
Таҳлил
−
10 Февраль 2023
35392Сўнгги маълумотларга кўра, Туркия жануби-шарқидаги зилзила қурбонлари сони 18 минг кишидан ошди. Бу сўнгги ўн йилликларда минтақадаги энг кучли зилзиладир. Афсуски, тадқиқотчилар Туркияни яқин йилларда камида яна битта зилзила кутаётганини башорат қилмоқда ва энди бугунги кунда 16 миллион аҳолига эга Истанбул табиий офатдан азият чекиши мумкин. Олимлар эса маҳаллий ҳокимият органларининг бунга тайёргарлигидан ниҳоятда норози.
"Медуза" нашрининг ёзишича, Истанбулда зилзила муқаррар, олимлар бунга амин. Минглаб одамлар ўлиши мумкин, миллионлаб одамлар уйларини йўқотиши мумкин.
“Бу муқаррар, ҳақиқат", деган 2006 йилда “The Guardian” газетасига, ўша пайтда Истанбул техника университети қошидаги Евроосиё геофанлар институти директори бўлган профессор Окан Туйсуз.
Олим яқин йилларда Истанбул ҳудудида кучли зилзила содир бўлиш эҳтимолини тахмин қилди:
“Биз магнитудани биламиз. Биз жойни биламиз. Биз бу аниқ қачон содир бўлишини билмаймиз. Аммо 2030 йилга бориб Истанбулда 7,6 магнитудали зилзила содир бўлиши эҳтимоли 65 фоиз. Ва бу жуда юқори эҳтимоллик”.
Сўнгги ўн ярим йил ичида олимлар хавотирли прогнозни тасдиқловчи яна кўплаб ҳисоб-китобларни нашр этди (эҳтимоллик 35 дан 95% гача, давр 2045 йилгача, магнитудаси 7,0 дан юқори). Зилзила магнитудаси нафақат туркиялик тадқиқотчилар, балки АҚШ Геология хизмати мутахассислари, Италия, Франция, Япония ва ҳатто халқаро суғурта компаниялари томонидан ҳам башорат қилинган.
Гап шаҳарнинг географик жойлашуви ҳақида бормоқда. Истанбул Анадолу ва Евроосиё тектоник плиталарининг туташган жойида, Мармара денгизи остидан оқиб ўтувчи Шимолий Анадолу ёриғининг ўша қисмидан 15-20 километр жанубда жойлашган. Бу сейсмик хавфни олдиндан белгилаб беради. Плиталарнинг ёриқ бўйлаб ҳаракатланиши кўп асрлар давомида катта зилзилаларга олиб келган. 500 йилдан сал кўпроқ вақт ичида Истанбулда йирик табиий офатлар 6-7 марта содир бўлган. Энг ҳалокатли воқеалардан бири 1766 йилда, шаҳар яқинидаги ёриқ шохчаси синганида кузатилган (айнан шу сценарийдан олимлар ҳали ҳам қўрқишади).
Истанбулга имкон қадар яқинроқ бўлган охирги кучли зилзила 1999 йилда содир бўлган. Ўшанда фалокат эпимаркази шарқдан 90 километр узоқликдаги Измит шаҳрида жойлашган эди. Унда 17 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу 1939 йилдан бери Туркия бўйлаб Шарқдан ғарбга, Шимолий Анадолу ёриғи бўйлаб “ҳаракатланаётган” 7,0 магнитудали зилзилалар қаторидаги еттинчиси бўлди. Кучли силкинишлар Истанбулга яқинлашаётганга ўхшайди.
Башорат қилинган зилзила аллақачон шаҳарнинг ўзида содир бўлиши ва оқибатлари аввалгиларига қараганда анча каттароқ бўлиши мумкин. Истанбул мэрияси томонидан 2020 йилда сейсмологлар кўмагида тайёрланган ҳисоботга кўра, 7,5 магнитудали силкинишлар таъсиридан барча 39 та шаҳар туманлари турли даражада зарар кўради. Вайронагарчиликнинг энг катта хавфи метрополнинг Европа қисмида, Мармара денгизи қирғоғида. Масалан, Авжилар туманида мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қурбонлар сони 465 нафарга, жароҳатланганлар эса 1500 дан ортиққа етиши мумкин. Туманнинг 104 мингдан ортиқ аҳолиси уйларидан айрилиш хавфи остида. Зайтунбурну туманида 668 киши ҳалок бўлиши мумкин, 5330 дан ортиқ бино қулаш хавфи остида.
Кўплаб муҳим тарихий бинолар (масалан, Аясофя ва Мовий масжид) жойлашган Фотиҳда тумани янада жиддий оқибатлар кузатилиши мумкин: биноларнинг 72 фоизи зилзиладан омон қолмаслиги мумкин, у 1500 дан ортиқ инсоннинг ҳаётига таҳдид солади.
Профессор Туйсуз айтган энг ёмон сценарийга кўра, Истанбул ҳудудининг 40 фоизи фалокат зонасида бўлади ва шаҳарни урадиган цунами баландлиги етти метрга етади.
Истанбул мэриясининг 2021 йилда тақдим этилган яна бир ҳисоботида қайд этилишича, 7,5 магнитудали зилзила оқибатида тахминан 209 000 та бино тўлиқ ёки қисман вайрон бўлиши мумкин (шаҳарда 1,16 млн бор). Бу уч миллионга яқин маҳаллий аҳолининг уйсиз қолишига олиб келади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, алоҳида хавф зонасида кўп қаватли бинолар 2000 йилгача қурилган, бугунги кунда олимлар биладиган сейсмик хавфни ҳисобга олмаган. Истанбулда ўн минглаб бундай бинолар мавжуд. Расмийлар табиий офатдан етказилган иқтисодий зарарни 17 миллиард долларга баҳолаган.
Шундан сўнг шаҳар ҳокимлиги шаҳар бўйича ер ости сувлари пайдо бўлиши харитаси ишлаб чиқилгани, мутахассислар ушбу сувни жабрланганлар вақтинчалик яшаш жойлари (булар қутқарув ускуналари ва инсонпарварлик ёрдамини йиғиш пунктлари, шунингдек, уйсизлар учун чодирли лагерлар)га олиб келиш устида иш олиб бораётганини таъкидлади.
Бу, расмийларга кўра, вазиятга қарши туришга ёрдам берадиган ягона профилактика чораси эмас. Масалан, Истанбулда фавқулодда вазиятларда мунтазам равишда кенг кўламли машқлар ўтказилмоқда: фуқароларнинг телефонларига зилзила ҳақида огоҳлантиришлар юборилади, хабар телеканаллар ва радиостанциялар, масжидлар ва муниципалитетларнинг овоз кучайтиргичлари орқали узатилади. Ўтган йили шаҳарнинг сейсмик жиҳатдан энг хавфли ҳудудларидан бири бўлган Буюкчекмече цунами ҳақида эрта огоҳлантириш тизимини ишга туширди, у тўлқин келиши ҳақида беш-етти дақиқагача огоҳлантира олади. Истанбулдаги эски биноларни реконструкция қилиш ва янги барқарор биноларни лойиҳалаш ҳам Жаҳон банки томонидан ўн йилдан кўпроқ вақт давомида қўллаб-қувватланди – бу дастур 550 миллион долларга тушди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Истанбулда ўз-ўзидан қурилиш фаол олиб борилмоқда. Ҳокимият ўнлаб йиллар давомида эҳтимолий офатга тайёргарлик кўриш бўйича ўз режаларини амалга ошира олмаяпти.
Аммо мутасаддиларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан мутахасислар томонидан ҳалигача кўплаб шикоятлар бор. Сейсмолог ва Туркия Геофизика муҳандислари палатаси аъзоси Ҳалук Эйидўған “Reuters”га тушунтирганидек, мэриянинг баёнотларига қарамай, шаҳарда камида сўнгги 15 йил давомида, биринчи навбатда, янги муҳожирларни жойлаштириш учун тартибга солинмаган ривожланиш амалга оширилган.
Юқори хавф, хусусан, ишлаб чиқарувчилар қўшимча қаватларни қўшган эски биноларни кўплаб таъмирлаш лойиҳалари билан юзага келган. Бу биноларга юкни оширди ва улар сейсмик стандартларга жавоб бермаслиги мумкин. Биргина 2019 йилда эълон қилинган “қурилиш амнистияси” доирасида шаҳар ҳокимиятига қарийб етти ярим миллион ноқонуний бино бўйича аризалар келиб тушган.
Шу билан бирга, Истанбулнинг 2003 йилда ишлаб чиқилган зилзила оқибатларига қарши курашиш бош режаси охирги марта 2018 йилда янгиланган эди. 2020 йилда шаҳар зилзила хавфини бошқариш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Тайфун ҳозиргача бош режа талаблари бўйича бирорта бино қайта қурилмаганини тан олди, лекин келажакда 790 мингта бино хавф-хатарни баҳолашдан ўтишини ваъда қилди. Баъзи бинолар учун ечим қўллаб-қувватловчи тузилмаларни мустаҳкамлаш бўлиши мумкин, бошқалари учун – тўлиқ реконструкция.
Босфор университети профессори Дўған Калафатга кўра, бу аниқ кечиккан реакция. Олим расмийларни 2020 йилга қадар тўпланган маълумотларга асосланиб, бутун уй-жой фондини комплекс баҳолаш тугагунига қадар энг ишончсиз биноларни реконструкция қилишни бошлашга чақирди.
Геофизика муҳандислари палатаси ходими Ҳалук Эйидўған, Зейтинбурну тумани расмийларининг бемалолхўжалигини мисол қилиб келтирди. У шимолий Анадолу ёриғининг хавфли қисмига яқин жойда жойлашган. Ҳатто 2000-йиллар бошидаги бош режада ҳам биноларнинг сифати ниҳоятда пастлиги, уларни комплекс реконструкция қилиш зарурлиги, ҳудудда жабрланганлар учун бошпана тармоғини яратиш зарурлиги айтилган эди. Аммо йигирма йил давомида Истанбул мэрияси зилзилага тайёргарлик кўриш бўйича фаол ишларни бошлашдан бош тортди, дейди эксперт.
"Режа жавонда қолди, унга ҳеч ким тегмади", дейди у.
Қолаверса, унинг фикрича, кейинги йилларда туманда бадавлат харидорлар учун янги кўп қаватли уйлар бунёд этилган. Ва маҳаллий камбағаллар хавфсиз бўлмаган уйларда яшашда давом этмоқда.
Ижтимоий тенгсизлик нимага олиб келади? Профессор Окан Туйсуз “The Guardian” газетасига берган интервьюсида шундай изоҳ берди:
Истанбулнинг Европа қисми [зилзилага камроқ чидамли] юмшоқ тош устига, шимолий ва Осиё қисмлари қаттиқ эски тош устига қурилган. Шунинг учун бадавлат аҳоли Босфорда [шимолда] виллалар қуришни афзал кўради.
Хавф шундаки, Истанбулнинг ҳамма аҳолиси ҳам яқинлашиб келаётган фалокат ғоясига кўникишга тайёр эмас.
“Кўпчилик бундай истиқболни фаталистлар деб атайди: нима бўлишидан қатъи назар, тақдир шундай. Одамлар шунчаки ҳақиқатни эътиборсиз қолдирадилар ва шу йўл билан ташвишни бостиришга ҳаракат қилишади”, дея тушунтирди уч йилдан бери Измит зилзиласидан жабрланганларга маслаҳат берган психолог Иброҳим Эке “The Guardian” нашрига.
Шу билан бирга, Истанбулда, унинг сўзларига кўра, зилзилага қарши профилактика чораларини кўраётган фаол аҳоли ҳам бор – улар барча эҳтиёт чораларини кўради ва ҳатто бинолардан фавқулодда чиқиш йўлларини тўсиб қўювчи машиналарни қидириб кўчаларда патруллик қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь