Кескин фикр билдирган футболчининг “оғзига урилади” – Диёр Имомхўжаев
Спорт
−
10 Январь 2023
8983Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик футболчилар Темурхўжа Абдухолиқов ва Жалолиддин Машариповнинг кескин фикрлари акс этган видеолар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат футбол ишқибозларининг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев Telegram саҳифасида ўзига ишонган футболчилар ҳақида фикр билдирди.
"Темурхўжа Абдухолиқов, Жалолиддин Машарипов ёки яна қайсидир футболчи бирор кескин фикр билдирса, уларнинг “оғзига урадиганлар”, албатта, топилади", деб ёзиб қолдирди Имомхўжаев.
Шунингдек, Имомхўжаев ўзига ишонган футболчиларнинг ижтимоий тармоқларда мақтаниши нормал ҳолатлигини таъкидлади.
"Бироқ биз футболчилар гапираётганидан хурсанд бўлишимиз керак. Ўзига тўлиқ ишонадиган кишилар ҳар қандай даврада фикрини аниқ ва тиниқ етказа олади. Бизнинг футболга ўзига ишонадиган футболчилар жуда керак. Эпласа, мақтансин, уддасидан чиқса, катта гапирсин. Бу нормал ҳолат. Харизмаси бор футболчилар ўзини ҳар қандай шароитда ноқулай ҳис қиладиган футболчилардан доим устунроқдир. Улар қолган шерикларига ҳам баъзида руҳий кўмак бера олади", дейди ЎзПФЛ раҳбари.
Маълумот учун, Темурхўжа Абдухолиқов ҳозирда Навоийнинг "Қизилқум" клуби аъзоси ҳисобланади. Жалолиддин Машарипов эса 2022 йилнинг 31 декабрь куни португалиялик Криштиану Роналдуни ўз сафига қўшиб олган Саудиянинг "Ал-Наср" клубида тўп тепади.