“Керак бўлса қабри очилсин”. Қашқадарёдаги поликлиникада 9 ёшли қиз вафот этди
3-саҳифа
−
04 Февраль 26119 3 дақиқа
QALAMPIR.UZ’га 2025 йил 30 август куни Қашқадарё вилоятининг Касби тумани Қамаши қишлоғида жойлашган 8-сонли поликлиникада шифокорлар томонидан 2016 йилда туғилган Бибиой Зиёдуллаева нотўғри равишда антибиотик осма укол қилиниши оқибатида вафот этгани айтилган мурожаат келиб тушди.
Марҳуманинг отаси Зоҳиджон Баротовнинг таҳририятга қилган мурожаатга кўра, ушбу тиббий муолажалар оқибатида қизнинг аҳволи оғирлашиб, организмда кучли аллергик реакция юзага келган, иситмаси кескин кўтарилгани оқибатда вафот этган.
“Ушбу фожиадан сўнг Ички ишлар органлари ва прокуратурага бир неча бор мурожаат қилдим. Аммо, афсуски, ҳолат холисона ўрганилмади, айбдор шифокорлар жавобгарликка тортилмади”, дейди мурожаатчи.
Экспертиза хулосаларида эса жиддий зиддиятлар мавжуд: биринчи хулосада ўлим сабаби ошқозон билан боғлиқ деб кўрсатилган, иккинчи хулосада юрак хасталиги (юрак пороги) қайд этилган, учинчи хулосада эса жигар циррози деган ташхис ёзиб берилган.
“Аслида эса қизимга қилинган антибиотик осма укол организмда оғир реакция чақириб, унинг ўлимига сабаб бўлган, деб ҳисоблайман. Бу тиббий хатолик ва беэътиборлик оқибатида содир бўлган фожиа”, дейди Баратов.
QALAMPIR.UZ судга оид тиббиёт экспертизаси билан танишди. Суд тиббиёт экспертизасининг 2025 йил 30 августдаги 12-сонли мурда хулосасида марҳума Б.Зиёдуллаева ҳаётийлик даврида ЎРВИ, “икки томонлама бронхопневмония, сепсис, септисемия шаклида, сероз-лейкоцитли менингоэнцефалит, оралиқ миокардит, гепатит, панкреатит” хилидаги патологиялар билан оғриб келгани қайд этилган бўлиб, унинг ўлими шу касалликларнинг асоратланиб кечиши жараёнида ривожланган ўткир юрак қон-томирлар ҳамда полиорганлари етишмовчилигидан 30 август соат 12:00 ларда шифохонада рўй бергани қайд этилган.
Аммо марҳуманинг отаси ушбу хулосаларни кескин рад этиб, қизи соғлом бўлгани, фақат ўша куни банан еб, ортидан сув ичгани учун қорни оғриб поликлиникага боришгани, бунгача қизининг соғлиғида ҳеч қандай муаммо бўлмаганини айтмоқда. Ушбу воқеалар фонида Зоҳиджон Баротов айбдорлар ўз жазосини олиши учун қизининг қабрини очишга ҳам розилигини билдирди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг QALAMPIR.UZ’га маълумот беришича, мазкур ҳолат юзасидан Касби тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра 30 августда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (Реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Бироқ, QALAMPIR.UZ ҳолатни ўрганишни бошлагандан сўнг мазкур қарор ва тўпланган ҳужжатлар назорат тартибида ўрганилиб, жорий йилнинг 2 февраль кунида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинган ва терговга қадар қўшимча текширув ҳаракатлари ташкиллаштирилган.
QALAMPIR.UZ марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.
Live
Барчаси