Кениядаги қурғоқчиликда қанча ҳайвон қирилиб кетгани маълум бўлди
Олам
−
05 Ноябрь 2022
8309Кенияда сўнгги ўн йилликдаги энг узоқ давом этган қурғоқчилик фонида юзлаб филлар, антилопалар, зебралар ва ёввойи ҳайвонлар нобуд бўлмоқда. Бу ҳақда мамлакат туризм вазирлигига таяниб CNN нашри хабар берди.
Бугун, 5 ноябрь куни эълон қилинган хабарга кўра, Кения ёввойи табиатни муҳофаза қилиш хизмати қўриқчилари, жамоат назоратчилари ва тадқиқот гуруҳларининг кузатув маълумотларига кўра, ўтган тўққиз ой ичида 205 та фил, 512 та антилопа, 381 та оддий зебра, 49 та Греви зебраси, 51 та буйвол ва 12 та жирафа нобуд бўлган.
Қурғоқчилик ўтхўр ҳайвонлар популяциясига салбий таъсир кўрсатган, дарё ўзанлари қуриб, қўриқхоналардаги ўтлоқлар абгор аҳволга келиб қолган.
Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ҳисоботларига кўра, Африка бўйлаб тўрт ёмғирли мавсумдан буён давом этаётган қурғоқчилик Сомали, Эфиопия ва Кенияда 18 миллионга яқин одамни озиқ-овқат танқислигидан жабр кўришига олиб келган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон метеорология ташкилоти кузатилаётган қурғоқчилик, минтақада сўнгги 40 йилдаги энг давомий қурғоқчилик эканлигини қайт этган.
Кениянинг туризм, ёввойи табиат ва мерос вазири Пенина Малонзанинг маълум қилишича, мамлакатдаги мавжуд филлар сони 36 мингга қадар камайиб кетган.
Кения Вазирлар Маҳкамасининг ёввойи табиат ва туризм бўйича собиқ котиби Нажиб Балала ўз интервьюсида иқлим ўзгаришларини браконьерликданда катта хавф деб атаган.
LiveБарчаси