“Келиша олмадик”. Трамп-Путин Аляскада нималар деди?

Олам

АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин Аляскада саммит ўтказди. Анкориждаги Эльмендорф-Ричардсон ҳарбий-ҳаво кучлари базасида 2 соат-у 45 дақиқа давом этган музокаралардан сўнг манбуот учун қисқа баёнот берди. Улар журналистларнинг саволларига ҳам жавоб бериши кутилганди. Бироқ нутқларини тугатиб, етакчилар хонани тарк этди.

Россия Президенти Владимир Путин:

Ҳурматли Жаноб Президент! Хонимлар ва жаноблар!

Биз музокараларни конструктив ва ўзаро ҳурмат муҳитида ўтказдик, улар жуда батафсил ва фойдали бўлди.

Яна бир бор менинг америкалик ҳамкасбимга Аляскага ташриф буюриш таклифи учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Айнан шу ерда учрашиш мантиқан тўғри, чунки мамлакатларимизни океанлар ажратиб турса-да, амалда биз яқин қўшнилармиз. Самолётдан тушганимизда мен шундай дедим: “Ҳайрли кун, азиз қўшним. Сизни соғ-омон кўриб турганимдан жуда хурсандман”. Менимча, бу сўз қўшничилик руҳида, самимий янграйди. Ахир, бизни фақат Беринг бўғози ажратади, у ерда ҳам икки орол бор, Россия ва АҚШ ороллари орасида бор-йўғи тўрт километр. Биз яқин қўшнилармиз – бу факт.

Аляска Россия ва АҚШнинг умумий тарихида муҳим ўрин тутган. Бу ерда рус Американинг катта маданий мероси сақланиб қолган: православ черковлари, 700 дан ортиқ русча географик номлар.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида ҳам Аляскадан ленд-лиз доирасида самолёт ва техника етказиб бериш билан машҳур ҳаво йўли йўлга қўйилган. Бу хавфли ва оғир йўл эди, аммо икки мамлакат пилотлари ва мутахассислари ғалабани яқинлаштириш учун ўз ҳаётларини қурбон қилдилар.

Россияда, Магадан шаҳрида, ўша қаҳрамонлик миссиясида ҳалок бўлган россиялик ва америкалик учувчиларга ҳайкал ўрнатилган. Шунингдек, бу ерда ҳам – бир неча километр узоқликдаги ҳарбий қабристонда совет учувчилари дафн этилган. Уларнинг хотирасини асраб-авайлагани учун америкаликларга миннатдорлик билдираман.

Биз тарихдаги бошқа мисолларни ҳам унутмаймиз – мамлакатларимиз умумий душманларга қарши бирга курашган, ёрдам ва қўллаб-қувватлаш кўрсатган. Бу мерос бизга янги босқичда тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли муносабатларни тиклашга ёрдам беради.

Маълумки, Россия-АҚШ саммитлари тўрт йилдан ортиқ ўтказилмаган. Бу узоқ муддат. Шу пайтда икки томонлама алоқалар совуқ урушдан бери энг паст нуқтага тушиб кетди. Бу эса на мамлакатларимиз, на дунё манфаатига хизмат қилади.

Очиқ-ойдин, эрта ё кеч бу ҳолатни тузатиш, қарама-қаршиликдан мулоқотга ўтиш керак эди. Шунинг учун давлат раҳбарларининг шахсан учрашиши вақти келганди. Бунинг учун жиддий тайёргарлик кўрилди.

Мен ва Президент Трамп яхши тўғридан тўғри алоқа ўрнатдик. Телефон орқали кўп марта очиқ суҳбатлашдик. АҚШ Президентининг махсус вакили жаноб Уиткофф Россияга бир неча бор ташриф буюрди. Ёрдамчиларимиз ва ташқи ишлар вазирлари мунтазам мулоқот қилиб турди.

Мавзуларнинг марказида Украина масаласи турди. АҚШ маъмурияти ва шахсан Президент Трампнинг урушни ҳал қилишга қизиқиши сезилади.

Россия учун Украинадаги воқеалар миллий хавфсизликка жиддий таҳдиддир. Бироқ украин халқини биз ҳар доим биродар деб билганмиз. Шунинг учун бу воқеалар биз учун трагедия ва оғриқ. Биз бунга барҳам беришдан манфаатдормиз.

Бироқ барқарор ва узоқ муддатли ечим топиш учун муаммонинг илдизлари бартараф этилиши, Россиянинг қонуний хавотирлари инобатга олиниши, Европа ва жаҳондаги хавфсизликда адолатли мувозанат тикланиши шарт.

Президент Трамп айтганидек, Украина хавфсизлиги ҳам таъминланиши лозим. Биз бу йўналишда ишлашга тайёрмиз.

Умид қиламизки, бизга тушунтирилган ўзаро англашув тинчликка олиб келади ва Украинадаги урушга барҳам бериш йўлини очади.

Янги АҚШ маъмурияти келганидан бери икки мамлакат савдо айланмаси ўсишни бошлади — ҳозирча 20 фоизга. Бу маънавий аҳамиятга эга, аммо қўшма ишланмалар учун кўп имкониятлар мавжуд.

Россия ва АҚШ савдо, энергетика, рақамли соҳалар, юқори технологиялар ва космосда ҳамкорлик қила олади. Арктикада ва минтақалараро алоқаларда ҳам ишлаш муҳим.

Қисқаси, мамлакатларимиз янги саҳифа очиши ва ҳамкорликка қайтиши зарур.

Яқинда айтганимдек, Россия ва АҚШ чегарасида “саналар алмашадиган чизиқ” бор — у ерда бир қадам билан кечадан эртага ўтиш мумкин. Умид қиламанки, сиёсий соҳада ҳам худди шундай бўлади.

Жаноб Трампга мулоқот учун миннатдорлик билдираман. Асосийси, ҳар икки томон ҳам самарадорликка интилди. Президент Трамп ўз мақсадларини аниқ билди ва ўз мамлакати равнақи ҳақида чин дилдан қайғурди. Шу билан бирга, Россиянинг миллий манфаатларини ҳам тушунади.

АҚШ Президенти Дональд Трамп:

Катта раҳмат, Жаноб Президент. Бу ҳақиқатдан ҳам жуда мазмунли нутқ бўлди.

Биз самарали учрашув ўтказдик, кўп масалаларни муҳокама қилдик. Айримлари жуда муҳим эди.

Тўлиқ келишувга эришолмадик. Афсуски, ҳозирча ҳеч қандай битим йўқ. Мен НАТО ва Европа етакчилари, Президент Зеленский билан гаплашаман ва бугунги учрашув ҳақида хабар бераман.

Мен Давлат котиби Рубио ва Президентнинг махсус вакили Уиткоффнинг позициясига қўшиламан. Уларнинг иши учун миннатдорлик билдираман.

Ҳозир бу ерда Россия бизнеси вакиллари ҳам бор. Агар улар ҳамкорлик қилишни истасалар, биз биргаликда ишлашни кутиб қоламиз. Биз урушни тезроқ тугатишни хоҳлаймиз.

Бугун биз жиддий тараққиётга эришдик. Президент Путин билан муносабатларимиз яхши. У билан кўп марта қийин, бироқ фойдали учрашувлар ўтказганмиз.

Биз , “Россиянинг Америка сайловларига аралашуви” ҳақидаги сохта вазиятни биламиз. У (Владимир Путин) буни ўз карьерасини ҳисобга олган ҳолда жуда яхши тушунади ва буларнинг барчаси ҳақиқат эмаслигини билади. “Россия, Россия, Россия”. У амалга оширилган ҳамма нарса жиноий ҳаракат эканлигини тушунади.

Албатта, бизда ҳамкорлик қилиш учун яхши имконият бор. Мен тез орада қўнғироқ қилиб, Европа етакчиларини бугунги муҳокамалардан хабардор қиламан.

Биз самарали музокара ўтказдик. Энг муҳими — тинчлик йўлида яхши имкониятимиз бор. Ҳали келишувга эришмадик, аммо Президент Путин ва унинг жамоасига бу йўналишдаги иши учун миннатдорлик билдираман.

Ҳар ҳафта минглаб одамлар ҳалок бўлмоқда. Президент Путин ҳам, мен ҳам бу урушни тугатишни хоҳлаймиз. Жаноб Президент, сизга раҳмат. Яқин орада яна учрашамиз.

Раҳмат.

Путин: Кейинги сафар Москвада.

Трамп: Жуда қизиқ таклиф. Эҳтимол, мени танқид қилишади, лекин менимча, бунинг имкони бор. Сизга раҳмат, жаноб Президент. Барчангизга раҳмат.

Путин: Катта раҳмат.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Владимир Путин Дональд Трамп Аляска

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг