Келин-куёв Тошкент метрополитенида фотосессия қилди (видео)
Жамият
−
29 Август 2023
62943Ижтимоий тармоқларда келин-куёвнинг Тошкент метрополитенида тўй фотосессияси ўтказаётгани акс этган видеолар тарқалди. QALAMPIR.UZ ушбу воқеа тафсилотлари билан қизиқди.
Маълумотларга кўра, 29 ёшли хореография билан шуғулланувчи А.П. исмли қиз ва унинг турмуш ўртоғи 26 август куни тўй маросими олдидан метрополитенда фотосессия уюштирган. Жуфтлик “Космонавтлар” бекатидан метро ҳудудига кирган ва асосий суратга олиш ишларини шу ерда амалга оширган. Сўнгра поездга ўтириб, яна бир нечта суратлар олган ва “Ўзбекистон” бекатидан чиқиб кетган.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент метрополитенидан фойдаланиш қоидаларини ҳамда Тошкент метрополитени фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг қонун лойиҳасига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йилдаги ёпиқ қарорига кўра, метрополитен раҳбариятининг ёзма равишдаги рухсатисиз хизмат кўрсатиш (техник) хоналарида, бекатлар ва объектларда профессионал видео ва фото, шунингдек, “Пранк” шаклидаги видеоларни суратга олиш таъқиқланади. Аммо “Тошкентметрополитени” ДУКнинг билдиришича, жуфтлик томонидан корхонага ҳеч қандай ариза берилмаган.
QALAMPIR.UZ мухбири ҳам бу тартибни синаб кўриш учун метрополитен бекатларидан бирига бориб, мобиль бўлмаган қурилма билан суратга олиш учун рухсат сўради. Бекат кузатувчиси эса унга профессионал камера билан суратга олиш учун рухсатнома кераклигини айтди.