Келаси йил Қорақалпоғистонда 120 та корхона ишга туширилади
Жамият
−
23 Декабрь
2381Келаси йил Қорақалпоғистонда 1 миллиард долларлик ҳудудий лойиҳалар шакллантирилиб, 120 та корхона ишга туширилади. Бу ҳақда бугун, 23 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган Қорақалпоғистон Республикасида қўшимча имкониятларни ишга солиш, инвестицияни кўпайтириш ва аҳоли бандлигини ошириш бўйича 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси шу каби имкониятларни ишга солиш, инвестиция ва иш ўринларини кўпайтириш бўйича режаларини тақдимот қилган.
Давлат раҳбари уларнинг таркибига эътибор қаратган. Хусусан, келаси йил учун режа қилинган 3,1 миллиард доллар инвестициянинг бор-йўғи 500 миллион доллари ҳудудий лойиҳаларга тўғри келади.
Шу боис туманлардаги ҳамма имкониятларни сафарбар қилиб, бу нисбатни кўпайтириш кераклиги таъкидланди. Бунинг учун қўшимча 1 миллиард долларлик ҳудудий лойиҳалар шакллантирилиб, 120 та корхона ишга туширилади. Экспорт миқдори 500 миллион долларга етказилади.
85 та йирик корхона тўлиқ қувватга олиб чиқилади. Шунингдек, янги корхоналар, савдо ва сервис майдонлари ташкил этилиб, 150 минг одамнинг бандлиги таъминланади. Натижада ишсизлик даражаси 5,4 фоизга тушади. 20 минг эҳтиёжманд оилага даромад манбаи яратилиб, камбағалликни 7,6 фоизга камайтириш чоралари кўрилади.
Ҳозирги кунда Қорақалпоғистонда 1 гигаваттли шамол электр станцияси қурилаяпти. Жами 9,3 гигаваттли шундай станциялар қуриш бўйича лойиҳалар бошланаяпти. Бу – йилига 33 миллиард киловатт соат электр энергияси, дегани. Табиий газ бўйича ҳам қулайлик кўп.
Шунинг учун металлургия, кимё, қурилиш материаллари каби тармоқлардаги кўп энергия талаб қиладиган йирик лойиҳаларни Қорақалпоғистонда жойлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам самарадорликни ошириш зарур. Суғориладиган ерларда жами 3 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор барпо қилинади. 31 минг гектарда кунжут, 22 минг гектарда мош экиб, экспортга йўналтирилади. 30 минг гектарда қизилмия экиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади.
Булар Қорақалпоғистондаги имкониятларнинг айримлари, холос. Уларни самарали ишга солиш ҳудуднинг жадал тараққиётини таъминлайди.
Шу боис Қорақалпоғистонда 3 та асосий йўналишни – қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади. Мазкур тузилма ҳар бир туманнинг ўсиш нуқталарини таҳлил қилиб, қандай экинларни етиштириш, ердан даромадни кўпайтиришга ёрдам беради. Хомашё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича лойиҳалар тайёрлаб, ҳокимларга етказади. Янги туризм йўналишларини очиш ва уларга инфратузилма олиб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Мутасаддиларга инвестиция лойиҳаларининг бориши, бандлик ва экспорт режалари таъминланишини алоҳида назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Нуфузли хорижий экспертларни жалб қилиб, ҳар бир туманни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.
LiveБарчаси