Кеча табрик, бугун таъзия. Дунё лидерлари Озарбайжонга ҳамдардлик билдирмоқда
Олам
−
25 Декабрь
8750Бугун, 25 декабрь куни Озарбайжон авиакомпаниясининг Баку-Грозний рейси бўйича учаётган самолёт Қозоғистонда ҳалокатга учради. Қулаган самолёт ичида 67 йўловчи ва 5 экипаж аъзоси бўлган. Ушбу фожиа муносабати билан дунёнинг турли бурчагидан Озарбайжонга ҳамдардлик билдирилмоқда.
Биринчилар қаторида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Бакудан Грознийга учаётган Озарбайжон ҳаво йўллари лайнерининг Ақтауда ҳалокатга учраши оқибатида ҳалок бўлган йўловчиларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган.
“Мен ҳалок бўлган йўловчиларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман. Омон қолган 12 кишининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Уларнинг соғайиб кетишини Аллоҳдан сўраймиз”, деб ёзган Қодиров ўзининг Telegram каналида.
Россия Президенти Владимир Путин ҳам телефон орқали Илҳом Алиев билан бўлган суҳбатда унга ҳамдардлик билдирган.
Шу билан бирга, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам ўзининг Х’даги саҳифасида Баку-Грозний рейсини амалга ошираётган AZAL йўловчи самолётининг ҳалокатга учраши муносабати билан ҳамдардлик билдирган.
“Мен Боку-Грозний рейси чоғида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдираман”, деган у.
Сўнгра бу сафга Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам қўшилди. У ҳам жабрланган ва ҳалок бўлганларга сабр тилаган.
“Бугун Озарбайжонга тегишли йўловчи самолётининг фожиали ҳалокатга учрагани ва кўплаб қурбонлар бўлганлиги ҳақидаги хабарни юрагим оғриқ билан қабул қилди, Қирғизистон Республикаси халқи ва шахсан ўз номимдан чуқур ҳамдардлик билдираман. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман, ушбу фожиа оқибатида жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилайман”, дейилади унинг хабарида.
БМТнинг Озарбайжондаги доимий координатори Владанка Андреева ҳам ўзининг Х аккаунтида самолётининг ҳалокатга учраши муносабати билан Озарбайжонга ҳамдардлик билдирди.
“Қозоғистонда AZAL самолётининг ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар мени чуқур қайғуга солди. Менинг қалбим қурбонлар, уларнинг оила аъзолари ва ушбу юракни эзувчи фожиадан жабр кўрган инсонлар биландир”, дейилади унинг хабарида.
Қайд этиш жоиз, бир кун олдин 24 декабрда етакчилар Илҳом Алиевни 63 ёшга тўлгани муносабати билан қутлаб, табрик жўнатганди.
Қозоғистон ФВВнинг сўнгги маълумотларига кўра, 28 нафар йўловчи омон қолган. Самолёт йўловчиларидан 37 киши Озарбайжон, 16 киши Россия, 6 киши Қозоғистон ва уч киши Қирғизистон фуқароси бўлганлиги таъкидланган. Самолётнинг қулашига қушлар галаси билан тўқнашув сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Илҳом Алиев ва Владимир Путинга Қозоғистондаги воқеа сабаб ҳамдардлик йўллаганди.