Кайл Уокер терма жамоадаги фаолиятини якунлади
Спорт
−
11 Март 582 1 дақиқа
“Бёрнли”нинг ўнг қанот ҳимоячиси Кайл Уокер Англия терма жамоаси сафидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Бу ҳақда ESPN нашри хабар берди.
35 ёшли Кайл Уокер миллий терма жамоада 14 йил тўп сурган. Шу вақт давомида у 96 та ўйинда майдонга тушиб, Евро 2020 ва Евро 2024 турнирларида кумуш медалларни қўлга киритди. У терма жамоа сафидаги сўнгги учрашувини 2025 йилнинг ёзида Сенегалга қарши ўтказган.
“Бу қарорни қабул қилганимдан хафаман, аммо Англия терма жамоаси билан эришган ютуқларимдан ниҳоятда фахрланаман. Мамлакатимни бешта йирик турнирда ҳимоя қилиш, финалга чиқиш ва бу жамоанинг бир қисми бўлиш катта шараф эди. Аммо бугун бу йўл ўз ниҳоясига етди”, дейди футболчи.
Маълумот учун, Уокер халқаро майдондаги дебютини 2011 йилда ўтказган. У терма жамоа сафида 2018 ва 2022 Жаҳон чемпионатида ҳамда 2016, 2020, 2024 йилги Евро турнирларида иштирок этган. Клуб даражасида Уокер “Шеффилд Юнайтед”, “Куинз Парк Рейнджерс”, “Астон Вилла”, “Тоттенхем”, “Манчестер Cити” жамоаларида ўйнаган. 2025 йилдан буён эса “Бёрнли” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.