“Катта дубулға” чемпиони фирибгарликда гумон қилиниб, ҳибсга олинди
Спорт
−
23 июл 2307 1 дақиқа
Япониялик собиқ профессионал теннисчи, 1997 йилги “Ролан Гаррос” чемпиони Рика Хираки фирибгарликда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Kyodo” хабар берди.
Манбага кўра, Япония полицияси Хиракини тўрт йил аввал содир этилган фирибгарлик ҳолати бўйича тергов қилмоқда. Гумон қилинишича, жиноий схема натижасида бир аёлдан 300 минг иена (тахминан 1 836 АҚШ доллари) ундириб олинган.
Тергов маълумотларига кўра, фирибгар ижтимоий тармоқларда ўзини Францияда фаолият юритувчи ортопед-жарроҳ сифатида таништирган. У турмуш ўртоғи вафот этганини айтиб, марҳумнинг Японияга юборилаётган мол-мулкини олиш учун божхона талаб қилаётган махсус сертификат ҳақини тўлаш кераклигига аёлни ишонтирган.
Полициянинг маълум қилишича, банкомат кузатув камералари тасвирларида Рика Хираки айнан ўша куни мазкур ҳисоб рақамидан нақд пул ечиб олаётгани акс этган. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ҳисоб рақамига пул ўтказганини билдирган бошқа фуқароларнинг мурожаатларини ҳам ўрганмоқда.
54 ёшли Рика Хираки фаолияти давомида яккалик баҳсларида WTA рейтингида энг юқори 72-ўринга, жуфтликлар баҳсларида эса 26-ўрингача кўтарилган.
Маълумот учун, Рика Хираки 1997 йилда Ҳиндистон вакили Маҳеш Бҳупати билан биргаликда Франция очиқ чемпионати (“Ролан Гаррос”) аралаш жуфтликлар баҳсида ғолиб чиққан эди.
Live
Барчаси