Каспий денгизидан 100 дан ортиқ тюлень жасади топилди
Олам
−
04 Ноябрь 4826 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Манғистов вилояти Тупкараган тумани қирғоқ чизиғини, Асан қишлоғидан Баутино бурнигача мониторинг қилиш пайтида 112 та Каспий тюленининг жасадлари топилди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар берди.
Бошқармага кўра, Асан қишлоғидан Форт Шевченко пляжигача 39 та, Форт Шевченко пляжидан Баутино бурнигача 73 та жасад топилган.
“3 ноябрь куни Тупкараган туманидаги Баутино қирғоғида топилган тюлень жасадлари ҳақидаги хабардан сўнг, Манғистов вилояти Экология бошқармасининг Лаборатория ва аналитик назорат бошқармаси мутахассислари Форт-Шевченко ва Баутино қирғоқларидан денгиз суви намуналарини тўплади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Каспий тюленлари – фақат Каспий денгизида яшайдиган ягона сутэмизувчи ҳайвон бўлиб, уларнинг узунлиги 1,5 метрча, оғирлиги эса 80 килограмм атрофида бўлади. Улар асосан килкалар ва бошқа балиқлар билан озиқланади. Қишда муз устида болалайди ва одатда битта бола туғади. Каспий тюленлари сони кескин камайиб, йўқолиб кетиш хавфи остида қолган. Каспий денгизида тюленларнинг ўлими деярли ҳар йили содир бўлади. Олимлар турли сабабларни аниқлаган, аммо кўп ҳолларда бу йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонларнинг аниқ ўлим сабабини топишнинг иложи йўқ. Шу билан бирга, Каспий тюленлари популяцияси кескин камайиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Манғистов вилояти Тупқараған туманидаги Каспий денгизи соҳилида 289 та ўлик тюлень топилган эди. Илк бор ўлик тюленлар ҳақида қозоғистонлик блогер ва фаол Азамат Сарсенбаев ўз Instagram саҳифасида маълум қилган. Гидробиология ва экология институти илмий ходими Жазира Сидиқовага кўра, Тупқараған яриморолининг ғарбий соҳилида Каспий тюленларининг ўлимига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш мақсадида мониторинг амалга оширилган.