Каспий денгизи соҳилида 300 га яқин ўлик тюлень топилди

Олам

image

Қозоғистоннинг Манғистов вилояти Тупқараған туманидаги Каспий денгизи соҳилида 289 та ўлик тюлень топилди. Бу ҳақда “Vlast.kz” хабар берди.

Қайд этилишича, илк бор ўлик тюленлар ҳақида қозоғистонлик блогер ва фаол Азамат Сарсенбаев ўз Instagram саҳифасида маълум қилган.

“Сўнгги бўронлардан кейин соҳилга Қизил китобга киритилган юзлаб жонсиз тюленлар чиқиб қолган. Ҳозирда олимлар уларнинг 151 тасини ҳисоблаб чиқди” деди Азамат Сарсенбаев.

Нашрга жўра, жорий йил 24 октябрдан 29 октябргача Каспий соҳилига чиққан ўлик тюленлар сони 289 тага етган. Жайиқ-Каспий минтақалараро ҳавза балиқчилик инспекцияси ходимлари ва Гидробиология ва экология институти вакиллари Каспий соҳилини мониторинг қилишга киришган.

Гидробиология ва экология институти илмий ходими Жазира Сидиқовага кўра, жорий йилнинг сентябрь ойи охиридан бери Тупқараған ярим оролининг ғарбий соҳилида Каспий тюленларининг ўлимига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш мақсадида мониторинг амалга оширилмоқда. Тадқиқот иштирокчилари ҳар куни соҳилни (Баутино ва Форт-Шевченко орасидаги ва жанубдаги ҳудудларни) текшириб, денгиз акваториясини кузатмоқда.

Қайд этилишича, ўлик ҳайвонлардан уларнинг ёши ва ўлим сабабларини аниқлаш учун биологик намуналар олинган.

“Ўлим сабабларини фақат тегишли лаборатория тадқиқотлари ўтказилгандан кейин айтиб бера оламиз”, деди Жазира Сидиқова.

Ҳозирда маҳаллий ижро ҳокимияти ва “Qazaq balyk” балиқчилик ва сув хўжалиги уюшмаси филиали вакиллари ҳам воқеа жойида ўрганиш олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мутахассислар Қозоғистон, Эрон, Озарбайжон, Россия ва Туркманистон ерлари билан туташ Каспий денгизида тадқиқот олиб бориб, унинг шиддат билан қуриб бораётганини аниқлаган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Каспий денгизи ўлик тюлень

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг