Касални яширсанг қимматга тушасан. Хитойда янги жарима жорий этилди
Олам
−
06 Апрель 2020
8756Коронавирус белгилари кузатилса, шифокорга мурожаат қилмаган Хитой фуқароси 30 минг юангача (тахминан 4,3 минг доллар) жарима тўлаши белгилаб қўйилди. Бу ҳақда Хитойнинг Санитария назорати бўлими бошлиғи ўринбосарига Сун Юэцянь маълум қилди.
Расмийнинг таъкидлашича, мамлакатга кириш пайтида баъзи фуқаролар уларда коронавирус аломатлари борлигини яширишади. Баъзилари дори қабул қилиб назорат-ўтказиш пунктидан "омон" чиқади.
"Юқоридаги қоидабузарликлар учун 30 минг юангача жарима солинади. Вазиятни оғирлаштирадиган ҳолатларда ҳуқуқбузарлар жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилади", дейди Сун Юэцянь.
Маълумот учун, ҳозирда Хитойда коронавирус билан касалланиш ҳолати жуда кам кузатилмоқда. Масалан, охирги сутка давомида мамлакатда 39 нафар одамда ушбу вирус қайд қилинган. Уларнинг 38 таси хориждан келган фуқаролар ҳисобланади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда шу вақтгача 82 665 нафар одамда коронавирус касаллиги аниқланган. Уларнинг 77 310 нафари бу касалликдан фориғ бўлган, 3 335 нафари эса вафот этган.
LiveБарчаси