Карантинда сақланаётганлар сони бир кунда 3 000 нафарга камайди
Жамият
−
21 Май 2020
9556Ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида 45 мингдан кўпроқ фуқаро карантинда сақланмоқда. Бу кечаги кўрсаткичдан 3 000 нафарга кам ҳисобланади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
“45 мингдан кўпроқ фуқаро карантинга олинган. Улардан 17 мингдан ортиғи стационар шароитда карантин муддатини ўтаяпти“, дейди Нурмат Отабеков.
Кеча, 20 май куни карантинда сақланаётганлар сони 48 мингдан ортиқ эканлиги маълум қилинган эди. Кечаги маълумот билан солиштирадиган бўлсак, стационар шароитда карантин муддатини ўтаётган фуқаролар сони ўзгармаган.
Қайд этилишича, 20 май куни 12 мингдан зиёд, касаллик дастлабки аниқланган кундан бугунга қадар эса 540 мингдан кўпроқ лаборатория текширувлари ўтказилган.
Маълум қилинишича, мамлакатда айни дақиқаларга келиб, коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 2950 нафарга етди. 20 май куни 34 нафар, бугунги кунга қадар 2372 нафар, яъни 80 фоиздан ортиқ бемор тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 565 бемор даволанмоқда.
LiveБарчаси