Карантин вақтида иш бошлаган салон ва сарторошхоналарга қандай талаблар қўйилади?

Жамият

image

АОКАда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда Оқилов аҳоли ва тадбиркорлар юборган муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарди.

Гўзаллик салонлари ишга тушди. Улар учун қандай эҳтиёт чораларини қўллаш белгиланган?

"Интернетда СЭС ходимлари салонларга бориб, санитария қоидаларига риоя қилинмаётгани учун жарима солаётгани ҳақида ўқияпман. Қандай санитария қоидалари ҳақида сўз кетяпти?

Мастерда нечтадан бир марталик кийим бўлиши лозим? Ҳар бир мижоз қабулидан сўнг бир марталик кийимни алмаштириш мажбурийми? Қандай жарималар белгиланган? Тасдиқланган "Санитария қоида ва меъёрлари" талабларида ҳаммаси батафсил келтирилган.

Асосийси, навбат тўпламаслик керак. Мижозлар белгиланган вақтда қабулга ёзилиб, келишлари лозим.

Асосий тамойил "Битта мастер — битта мижоз". Мастернинг халат ёки тиббиёт формасида бўлиши етарли.

Ниқоб, кўзойнак ва қўлқоп — мажбурий.

Ҳар бир мижоз қабулидан сўнг иш ўрнини дезинфекциялаш зарур. Ҳар 2-3 соатда ниқоб алмаштирилади. Сочиқлар бир марталик ёки мижоз ўзи билан олиб келган бўлиши лозим.

Ускуналар дезинфекцияланади.

Бинони ўз вақтида шамоллатиш керак.

Ушбу қоидаларга риоя қилмаслик белгиланган тартибда жаримага тортилишга сабаб бўлади", деди Оқилов.

Қачон бошқа профиллар бўйича тиббий хизматлар йўлга қўйилади — гинеколог, эндокринолог, стоматолог, кардиолог? Йил давомида битта одамда даволаниб юрган беморлар бор, тиббий муассасаларнинг барчасига рухсат бериш вақти келмадими?

"Саволда қайд этилган йўналишлар бўйча ихтисослашган марказлар ва илмий текшириш институтлари, клиникалар ўз ишини давом эттириб келмоқда.

Жумладан, акушерлик ва гинекология маркази, перинатал марказлар, туғурук комплекслар, онкология, кардиология, эндокринология, травматология ва ортопедия марказлари, кўз касалликлари ва бошқа клиникалар, стоматология ёрдам кўрсатиш муассасалари ҳам ишлаб турибди.

Айрим хусусий клиникалар карантин даврида ишлагани йўқ, лекин карантин чоралари юмшатилиши билан уларнинг ҳам фаолияти давом эттирилади.

Энг асосийси — йиллар давомида наслий касалларни кузатувда ушлаб турган оилавий поликлиникалар ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда", дейди Ҳабибулла Оқилов.

Хусусий жарроҳлик клиникаси раҳбариман. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳозирги вазиятда шифокорлар (жарроҳ, терапевт ва бошқалар) беморларни қандай қабул қилишлари тўғрисида буйруғи борми?

"Шифокор режали операциядан олдин беморни кўриш вақтида ШҲВ (шахсий ҳимоя воситаси)ни кийиши, бемор коронавирусга таҳлил топшириши шартми?

Ўзбекистонда СанПиН, шунингдек, COVID-19 шароитида ишларни ташкил этиш учун вақтинчалик меъёр ва қоидалар ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.

Даволаш муассасаларида шифокорлар ШҲВ кийишлари шарт, чунки шошилинч, тез ёрдам машинасида келтирилган, шунингдек, ўзи келган беморларни қабул қилишда — инфекция юқтирган эҳтимоли билан ёндашиш зарур.

Режали қабул муассасаларида беморларни оддий тиббиёт формасида полимераз-занжирли реакция таҳлили билан қабул қилишни ташкиллаштириш мумкин, бироқ ниқоб, қўлқоп ва кўзойнак бўлиши шарт", дея жавоб қайтарди Оқилов.

Маълумот учун, кеча, 13 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда карантин чораларини юмшатиш кераклиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозиргача 2612 кишида коронавирус аниқланди. Бугунгача беморларнинг 2076 нафари соғайган ва 11 нафари вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

карантин

Баҳолаганлар

70

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг