Карантин сабаб ўқувчилар синфда қолдирилиши мумкинми?
Жамият
−
04 Апрель 2020
10096Ўзбекистонда барча мактаблар коронавируснинг кенг ёйилишига қарши профилактика мақсадида 16 мартдан ёпила бошлади. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси раиси – Бош вазир Абдулла Арипов таълим муассасаларидаги карантин икки ҳафтагача давом этиши мумкинлигини айтганди.
Айрим хориж давлатларида коронавирус даражаси камайиши бўйича ижобий кўрсаткичлар деярли йўқлиги туфайли карантин муддатини узайтирмоқда. Бизда ҳам карантин даври муддати махсус комиссия қарори билан узайтирилиши мумкин, деган гаплар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда ўқувчиларнинг ота-оналарида савол туғилиши мумкин. Агар карантин даври узоқ муддатга чўзиладиган бўлса, мактаб ўқувчиларининг айнан ўзи ўқиётган синфда қолдирилиши ҳам мумкинми? Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Анвар Умаров QALAMPIR.UZ мухбирининг мазкур саволига қуйидагича жавоб қайтарди.
“Авваламбор, карантин муддати чўзилмайди, деган умиддамиз. Ҳозирда телеканаллар орқали 4-чорак дарслари ўтказилмоқда. Тошкент шаҳрида ўқувчилар олган билими Kundalik.com тизими орқали баҳолаб борилади. Вилоятларда аҳолининг имкониятидан келиб чиқиб телефон ёки мессенжерлар ёрдамида баҳоланади. Агар ҳукумат қарори билан карантин муддати чўзилса, албатта, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бунинг чораси ҳам кўрилади”, дейди Анвар Умаров. У шунингдек, ОТМларга имтиҳон топшириши лозим бўлган битирувчи синф имтиҳонлари масаласига ҳам алоҳида тўхталди.
“Мактабларда битирувчи синфлар ҳам бор. Олий таълим муассасаларига имтиҳон топшириши учун уларга битирганлик ҳақида ҳужжат берилиши зарур. Бунинг учун улар аввал давлат имтиҳонларидан ўтиши керак. Мазкур масалаларда вазирлик раҳбарияти оптимал ечим устида изланиш олиб бормоқда”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистонда илк бор коронавирус ҳолати аниқлангани, бемор Франция Республикасида бўлиб қайтган аёл киши экани айтилди. 18 март кунидан эътиборан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактаб ўқувчилари учун таътил эълон қилингани маълум қилинганди.
Дарслар телеканаллар орқали ўтилиши эълон қилинганди. Ҳозирда телевизион дарслар миллий телерадиокомпаниянинг 4 та каналида эфирга узатилиши режалаштирилган: 1-4-синфлар учун “Ёшлар” телеканалида, 5-8-синфлар учун “Оилавий”, 9-11-синфлар учун “Маданият ва маърифат”, амалий фанлар ва 5 та муҳим ташаббус билан боғлиқ машғулотлар “Дунё бўйлаб” телеканаллари орқали эфирга узатилмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони 221 нафарни ташкил қилмоқда. Коронавирусга чалинган беморларнинг 13 нафари (жами 25 нафар)тўлиқ тузалгани ҳақида хабар берган эдик. Беморлардан 2 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси