Канадада мусулмон оиланинг 4 аъзоси теракт қурбони бўлди
Олам
−
09 Июнь 2021
6263Жорий йилнинг 6 июнь куни Канаданинг Онтарио провинциясидаги Лондон шаҳрида микроавтобус ҳайдовчиси пиёдалар йўлагидаги одамларни қасддан босиб кетди. Натижада 4 киши ҳалок бўлди ва бир одам жиддий жароҳатланди.
Маълумотларга кўра, қурбонларнинг бари бир мусулмон оила аъзолари бўлган. Ҳодисада 44 ва 74 ёшлардаги икки аёл, 46 ёшли эркак ва 15 ёшли қиз ҳалок бўлган. Оиланинг яна бир аъзоси 9 ёшли бола оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Ҳужумни уюштиришда гумонланган 20 ёшли Натаниэль Вельтман ҳибсга олинган. Унга тўртта қотиллик ва битта қотилликка уриниш айблови қўйилган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотига кўра, жиноят исломофобия сабаб содир этилган. Ҳодиса аввалдан режалаштирилган ва қасддан содир этилган ҳаракат бўлган ва бу мусулмон оиласи қотил нишонига айланган.
Канада Бош вазири Жастин Трюдо бир мусулмон оиланинг тўрт аъзосининг бу тарзда ўлдирилишини террорчилик ҳужуми, деб баҳолаган.
“Улар шафқатсиз, қўрқоқ, манқуртларча зўравонлик ҳаракати натижасида ҳалок бўлди. Бу қотиллик тасодифий эмас эди”, деган Трюдо Канада парламентининг Вакиллар палатасига мурожаатида.
LiveБарчаси