Канада қўшимча дақиқаларда ғалаба қозониб, нимчорак финалга чиқди
Спорт
−
02:05 2269 2 дақиқа
Канада терма жамоаси Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтган 2026 йилги Жаҳон чемпионати 1/16 финал босқичида Жанубий Африкани 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, нимчорак финал босқичига йўл олди.
Учрашув тақдирини қўшимча вақтнинг иккинчи дақиқасида Стивен Эуштакиу киритган гол ҳал қилди.
Канада терма жамоаси сардори Альфонсо Дейвис ушбу турнирдаги илк учрашувини ўтказди. “Бавария” ҳимоячиси жароҳати сабаб гуруҳ босқичи ўйинларини ўтказиб юборган эди. У Жанубий Африкага қарши баҳснинг 75-дақиқасида захирадан майдонга тушди.
Гуруҳ босқичида Канада “Б” гуруҳида иккинчи, Жанубий Африка эса “А” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган эди. Ҳар икки жамоа ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионати плей-офф босқичига чиққанди.
Энди Канада 1/8 финалда бугун, 29 июнь куни бўлиб ўтадиган Нидерландия – Марокаш учрашуви ғолиби билан куч синашади. Бу босқичдаги баҳс жорий йилнинг 4 июль куни Хьюстон шаҳрида ўтказилади.
Шунингдек, Жанубий Африка бош мураббийи, 74 ёшли бельгиялик Уго Броос Жаҳон чемпионати плей-офф баҳсида жамоани бошқарган энг кекса мураббий сифатида тарихга кирди. Бу борадаги аввалги рекорд 2018 йилда 71 ёшида Уругвай терма жамоасини бошқарган Оскар Табаресга тегишли эди.
Яна бир эътиборли жиҳат, Канада тарихда ўз ҳудудидан ташқарида Жаҳон чемпионати учрашувини ўтказган илк мезбон мамлакатга айланди.
Live
Барчаси