Канада Бош вазири сайловда ғалаба қозонди, лекин мақсадига эришмади
Олам
−
21 Сентябрь 2021
5842Канада Бош вазири Жастин Трюдонинг ҳукмрон Либерал партияси кеча, 20 сентябрь куни муддатидан олдин бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонди. Лекин партия ўз мақсадига эриша олмади: у мамлакат қонун чиқарувчи органининг қуйи палатасида кўпчилик овозини олмади ва яна озчилик ҳукуматини тузишга мажбур бўлади.
Миллий сайлов комиссиясининг сўнгги маълумотларига кўра, либераллар 338 та сайлов округининг 156 тасида 31,8 фоиз овоз билан ғалаба қозонган, тўлиқ ғалаба учун эса 170 ўрин талаб қилинган. Консерватив партия 121 округда қўллаб-қувватланган (34,1 фоиз — аҳолиси кўп бўлган округлардаги ғалаба эвазига). Учинчи ўринни 32 округда (8,3 фоиз) ютган Квебек блоки эгаллаган.
Таъкидланишича, овозларни санаш ҳали ҳам давом этмоқда. Почта орқали юборилган бюллетенларни қайта ишлаш зарурати туфайли у бугун, 21 сентябрь куни якунланиши керак.
Қайд этилишича, кейинги сайловлар 2023 йилда бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ, 2019 йилги сайлов натижаларига кўра, Канада Либерал партияси атиги 155 та мандатни қабул қила олди. Бу унинг кун тартибини амалга ошириш учун зарур бўлган қонунларни эркин қабул қилишига тўсқинлик қилди.
Шу сабабли, Трюдо тез-тез қонун чиқарувчи органларнинг ишини танқид қилган ва либерал ташаббусларни маъқуллашда қийинчиликлар бўлгани учун ҳатто уни “обструкция жойи” деб атаган. Шу муносабат билан, жорий йилнинг 15 августида ҳукумат бошлиғи парламентни тарқатиб юборди ва 20 сентябрь куни муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини маълум қилди.
У коронавирус пандемиясига қарши курашда эришилган ютуқлар шароитида жамоатчилик қўллаб-қувватлашидан фойдаланиб, 2019 йилда амалга ошмаган кўпчилик ҳукуматини тузиш учун сайлов ўтказишни тезлаштирганди, аммо бу уриниш ҳам муваффақиятсиз тугади.
Маълумот ўрнида, Жастин Пьер Жеймс Трюдо 2015 йил 4 ноябрдан Канада Бош вазири, 2013 йил 14 апрелдан Канада Либерал партияси раҳбари ҳисобланади. У Канаданинг ўн бешинчи Бош вазири Пьер Эллиот Трюдонинг тўнғич ўғли.
Аввалроқ, Жастин Трюдонинг саллада юзини қорага бўяб олган ҳолатдаги сурати норозиликка сабаб бўлгани ҳақида хабар бергандик.
LiveБарчаси