Камситилган Сунак, ғазабланган инглизлар. Байденнинг Ирландияга ташрифи жанжал билан якунланди (видео)
Олам
−
14 Апрель 2023
33510АҚШ Президенти Жозеф Байденнинг Шимолий Ирландия ва Ирландия Республикасига тўрт кунлик сафари атрофида жанжал келиб чиқди. Бу ҳақда “Политика сегодня” нашри хабар берди.
Мутахассисларнинг айтишича, Байден мазкур ташрифи давомида Лондонни ҳушламаслигини очиқ кўрсатган ва бу саёҳат фақат ота-боболари ерларини зиёрат қилиш учун амалга оширилган. Сиёсатчи ўзи билан яқинлари, жумладан, синглиси ва ўғли Хантердан иборат катта делегацияни олиб кетгани ҳам бежиз эмас.
Ташрифнинг Шимолий Ирландия қисми расмий равишда Британия ҳукумати ва маҳаллий ўта ўнгчи католиклар ўртасидаги 30 йиллик фуқаролар урушига нуқта қўйган Бельфаст келишуви (1998 йил) имзоланганининг 25 йиллигига тўғри келган.
Оммавий ахборот воситаларига кўра, Байденнинг саёҳати Brexit оқибатлари туфайли минтақадаги инқироз вақтида уюштирилган. Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши ҳақиқатда Қиролликнинг бу қисмини бутун мамлакатдан узиб қўйган. Айрим шаҳарларда яна тартибсизликлар бошланган, намойишчилар полицияга ҳужум қилган, Америка Президенти келишидан бир неча соат олдин Лондондерри шаҳри қабристони миналаштирилган.
Сиёсатшуносларнинг фикрича, шартноманинг 25 йиллигини нишонлаш шунчаки баҳона бўлган. Шошилинч равишда Бельфастга учиб келган Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак АҚШ Президенти билан савдо имтиёзлари борасида келишиб олмоқчи бўлган. Оқ уй эса бу масалага нисбатан совуққонлик билан ёндашиб, эркин савдо ҳудуди келишувларини “ХХ аср қуроли” деб атаган.
Бироқ жанжал Brexit оқибатларини бартараф этишга уринишлар туфайли эмас, балки Байденнинг ўзини тутиши туфайли авж олган. Уни яна бир бор Буюк Британияга нафратда айблашган ва бу сафар инглизларнинг кўплаб шубҳалари чет эллик меҳмоннинг ташрифи факти билан тасдиқланган.
Аввалроқ Байден АҚШнинг ирланд Президенти Чарлз III нинг яқинлашиб келаётган тож кийиш маросимида қатнашишдан бош тортган. Оқ уй бу қарорни Байден узоқ сафарлар учун жуда қари экани билан изоҳлаган. Бироқ Ирландиянинг иккала қисмига бир вақтнинг ўзида тур ўтказилиши айримларнинг шубхасини уйғотган.
Бельфаст аэропортидаги воқеа эса “Байден Буюк Британиядан нафратланади” деган тезис тарафдорларини ғазабини оширган. Сунак тўлиқ содиқликни намойиш қилиб, самолёт трапига етиб борган, бироқ Америка Президенти нодипломатик ҳаракат қилган.
Оқ уй раҳбари Бош вазирни қўполлик билан итариб юборган ва қиролнинг Антрим округидаги вакили Девид Маккореллни кенг табассум билан кутиб олган, сўнгра АҚШнинг Буюк Британиядаги элчиси Жейн Хартли билан қучоқлашган. Бу ҳаракатлар тасвирланган видеолар тармоқларда оммалашган.
“Байден учун элчи мақоми Британия Бош вазиридан юқорироқ. Байден, шунингдек, Британияни умуман ёмон кўрмаслиги ҳақида ҳам ҳазиллашди. Бироқ бу кўпроқ унинг Лондонга шундай муносабатда бўлганини тан олишга ўхшади”, деб ёзган сиёсатшунос Малек Дудаков ўзининг Telegram-каналида.
Шимолий Ирландиянинг собиқ биринчи вазири ва Демократик иттифоқчилар партиясининг (ДИП) собиқ раиси Арлен Фостер ҳам Байден Буюк Британиядан нафратланишига шубҳа йўқлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, сиёсатчи минтақа мустақиллиги ва миллатчилик тарафдори саналади. ДИПнинг бошқа аъзолари ҳам унинг фикрига қўшилиб, чет эллик меҳмонни “анти-Британия” деб атаган. Оммавий ахборот воситалари эса Байденнинг 2020 йилги сайловда ғалаба қозонганидан сўнг Уинстон Черчилл бюстини Оқ уйдаги Овал кабинетдан зудлик билан олиб ташлаш ҳақидаги илтимосини эслатган.
Бироқ Байден бу сафар ҳам бундай фикрларга муносабат билдирмаган. Аммо АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Европа масалалари бўйича катта директори Аманда Слот барибир унинг хатти-ҳаракатларига изоҳ беришга мажбур бўлган.
“Ўйлайманки, Президентнинг тажрибаси унинг Британияга қарши эмаслигини кўрсатади. Президент сенаторлик даврида Шимолий Ирландиядаги тинчлик жараёнида фаол қатнашганидан тортиб, икки асосий ҳамжамият вакиллари бўлган Шимолий Ирландиядаги барча партиялар етакчилари билан мулоқот қилгани буни тасдиқлайди”, деган Аманда Слот Байденнинг Сунак билан учрашуви олдидан.
Шунга қарамай, Байден ҳеч қачон ирланд миллатчиларига ҳамдардлигини ва иттифоқчиларга нисбатан салбий муносабатини яширмаган. Дудаковнинг фикрича, Шимолий Ирландиядаги инқирозни ҳал қилишга уринишлар одамларни фақат гижгижлаш ва автономия учун курашни давом эттиришга ундайди.
Маҳаллий нашрлар эса “анти-Британия президенти” Шимолий Ирландияда бор-йўғи бир кун ўтказгани, қолган вақтни “аждодларининг тарихий жойлари бўйлаб саёҳат қилиш”га сарфлаганига эътибор қаратган.
Шунингдек, инглизларни сиёсатчининг Шимолий Ирландиядаги минтақавий парламент олдида нутқ сўзлашдан бош тортгани, Дублинда эса қонунчилар олдида нутқ сўзлаш ниятида эканлиги ва умуман, у ерда дастур янада кенгроқ бўлгани ҳайратга солган.
Бундан ташқари, кеча, 12 апрель куни Байден ва Сунак ўртасидаги музокаралар формати яқин вақтгача ноаниқ бўлиб келган ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган. Якунда етакчилар “Grand Central” меҳмонхонасида учрашиб, чой ичиш учун тузилган дастурхон атрофидан жой олган. Ҳеч қандай дабдабали кечки овқат ёки совға алмашиш бўлмаган.
Байден ва Сунак ўртасидаги қўшма матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтмаган, шунинг учун журналистлар Сунакнинг савдо имтиёзлари бўйича келишувга эришган эришмаганини била олмаган. Кейинроқ Бош вазир ОАВ вакилларига Байден билан учрашув яхши ўтганини айтган. Улар Шимолий Ирландияга сармоя киритиш, ташқи сиёсат ва иқтисодий масалаларни муҳокама қилгани қайд этилган. Сунакнинг сўзларига кўра, Буюк Британия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар “аъло даражада”, аммо баъзи сиёсатшунослар бундай хулосаларнинг ишончлилигига шубҳа қилмоқда.
“Британия Украинада ва AUKUS блокида АҚШнинг кичик ҳамкори ролини ўйнайди. Бошқа масалаларда эса икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳозирда инқирозга юз тутган. Оқ уйдаги амалдаги маъмурият Лондонга нисбатан нафрат билан қарайди. Аммо Британия учун энг ёмони шундаки, ҳатто республикачиларнинг 2024 йилда ҳокимиятга келиши ҳам собиқ мустамлака билан муносабатларни тиклаш йўлида силжишга олиб келиши даргумон”, дейди америкалик сиёсатшунос.
Бироқ МГИМО Европа ҳуқуқи кафедраси доценти, Европа ахборот маркази директори Николай Топорнин Байденнинг хатти-ҳаракати фақат кексалик аломатлари билан боғлиқлигини тахмин қилган. Унинг эслашича, Оқ уй раҳбари бир неча бор одамларни чалкаштириб юборган ёки исмларни унутган, шунинг учун аэропортдаги эпизодни сиёсий имо-ишора деб ҳисоблаш хато бўлади.
Эксперт мамлакатлар ўртасида келишмовчиликлар бўлиши мумкинлигини тан олган, аммо у глобал тафовутлар учун ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлаган. Топорниннинг сўзларига кўра, Буюк Британия ҳар доим АҚШнинг асосий иттифоқчиси бўлиб қолади ва тарихий алоқалар вазиятни фундаментал можароларга олиб келишига йўл қўймайди.
Байденнинг ташрифи мақсадларини муҳокама қилар экан, Топорнин сиёсатчи ўз она юртига боришга қарор қилган деган фикрга қўшилишини билдирган. Унинг фикрича, 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари фонида ирландларнинг қўллаб-қувватлаши яхши ёрдам бўлади, шу боис саёҳат сайлов кампаниясининг ўзига хос бошланиши бўлган.
“Қўшма Штатларда 30 миллионга яқин ирланд америкаликлар бор, бу жуда катта куч ва сайловчиларнинг катта гуруҳи. Яқинлашиб келаётган сайловларни ҳисобга олган ҳолда бундай кучли аудиторияни қўллаб-қувватлаши жуда муҳим”, деб тушунтиради Топорнин.
LiveБарчаси