Камола Маҳмудова оғир касалликдан вафот этди
Жамият
−
27 Сентябрь
156137Лондонда яшаб, фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассис, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Озарбайжондаги вакиллиги раҳбари Камола Маҳмудова узоқ давом этган саратон хасталиги туфайли 48 ёшида Лондон шаҳрида вафот этди.
Камола Маҳмудова 1976 йил Тошкентда туғилган. У Khan Academy, Эзгу Амал, Яшил Бухоро каби бир қатор таълим, ижтимоий ва хайрия лойиҳаларининг ташаббускори ва фаол иштирокчиси эди.
У Clare университетида бизнес бошқаруви бўйича ўқиган ва ҳозиргача Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Озарбайжондаги раҳбари бўлиб келаётган эди. Камола Маҳмудова, шунингдек, бир қатор хайрия ташкилотлари, жумладан, хусусий университет, Буюк Британиядаги Халқаро мувофиқлик ассоциацияси ва ACAMS’нинг Евросиёдаги бўлими асосчиси бўлган. 2020 йилда Президент Шавкат Мирзиёев уни “Дўстлик” ордени билан тақдирлаган. “Ўзбекистонлик” фильмининг хорижда муваффақият қозонган ўзбеклар ҳақидаги эпизодларидан бири Камола Маҳмудовага бағишланган.
Марҳума Камола Маҳмудованинг дафн маросими бугун, 27 сентябрь куни Лондонда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Бибисора Туробова вафот этганди. У ўзининг “Ўлсам жанозамни булбул ўқисин” шеъри билан танилган эди. У ўз вақтида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, меҳрибонлик уйи директори лавозимларида фаолият юритган.