Камола Ҳаррис расман президентликка номзод сифатида кўрсатилди
Олам
−
06 Август 2024 5516 2 дақиқа
АҚШнинг амалдаги вице-президенти Камола Ҳаррис АҚШ президентлигига Демократик партиядан номзод сифатида расман кўрсатилди. Уни партия делегатларининг кўпчилиги виртуал қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Демократик партия 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтадиган қурултойда президентликка номзодини кўрсатиши керак эди. Бироқ Миллий қўмита ўз номзодини Огаё штатидаги сайлов бюллетенига қўйиш учун ҳужжатларни топшириш муддатини ўтказиб юбормаслик учун қурултойдан икки ҳафта олдин, август ойи бошида партия делегатлари учун онлайн овоз беришни ўтказишга қарор қилди.
Амалдаги штат қонунчилигига кўра, улар 7 августда тугайди. Огаё губернатори яқинда муддатни сентябрь ойининг бошигача узайтирувчи қонунни имзолади, бироқ ҳужжат 1 сентябргача кучга кирмайди, шунинг учун демократлар муддатидан олдин овоз бериш орқали юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқий муаммолардан қочишга умид қилмоқда.
Ҳаррис одатдаги делегатлар овозларини белгилайдиган ички партия сайловларида қатнашмади. 21 июлгача Демократик партиядан етакчи ва деярли рақобатсиз номзод АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден эди.
Июнь ойи бошида якунланган кокус ва праймеризлар натижасида у деярли барча 3,9 минг делегатнинг қўллаб-қувватлашига эришди, бироқ 27 июн куни у республикачи Дональд Трампга қарши ўзининг биринчи дебатида ниҳоятда омадсиз чиқди.
Орадан уч ҳафта ўтиб, ўз партиядошларининг босими остида Байден сайловдан ўз номзодини қайтариб олишга мажбур бўлди.
Шундан сўнг, Демократик партиянинг миллий қурултойи қоидаларига кўра, Байден делегатлари исталган номзодга овоз бериш имкониятига эга бўлди.
Президентликка кўрсатилиши учун номзодлар, аввало, улардан камида 300 нафарининг қўллаб-қувватлашига эга бўлиши керак эди. Фақат Ҳаррис ушбу процедурадан ўтди, шунинг учун делегатларнинг “қўнғироқлари” асосан расмий характерга эга эди.
Виртуал овоз бериш 1 август куни маҳаллий вақт билан соат 9:00 да бошланди ва 2 август куни соат 13:00 да Ҳаррис АҚШ президентлигига номзодлик учун партия делегатининг керакли овозини олди.
У давлат раҳбари лавозимига даъвогар биринчи афро-америкалик ва осиёлик аёл бўлади.
Live
Барчаси