Камчаткада кучли зилзила содир бўлди (видео)

Олам

image

Россиянинг Камчатка яримороли соҳилидан 161 км узоқликда кучли зилзила юз берди, айрим ҳудудларда цунами хавфи эълон қилинди. Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази (EMSC) зилзила магнитудасини 8,7 деб баҳолади. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Геофизика хизмати минтақавий бўлими хабар берди.

Қайд этилишича, дастлаб 7,5 магнитудали деб баҳоланган ер силкинишининг кучи кейинчалик 8,5 га етгани аниқланган. Зилзила Камчатка ярим ороли соҳилидан 161 км масофада, 32 км чуқурликда содир бўлган. Унга қадар кечаси ва кундузи бир неча ер силкинишлари кузатилган.

EMSC асосий зилзила магнитудасини 8,7 деб кўрсатган бўлса, унга эргашган ер силкинишлари (афтершоклар) 7,0 ва ундан паст баҳоланган.

Геофизика хизматининг маълумотларига кўра, зилзиладан сўнг Авача қўлтиғи соҳилида цунами хавфи эълон қилинган. Камчатка ўлкаси бўйича ФВВ матбуот хизмати эса цунами баландлиги 32 сантиметргача бўлиши мумкинлигини билдирган. Тўлқин унчалик баланд бўлмаслиги мумкин, бироқ аҳолига соҳил ҳудудидан узоқлашиш тавсия этилган.

Бундай баландликдаги тўлқин Алеут тумани яқинига етиб бориши мумкин, Усть-Камчатка туманига эса 20 см баландликдаги тўлқин, Петропавловск-Камчатск шаҳар округига эса 6 см гача бўлган тўлқин етиб келиши таҳмин қилинмоқда.

ФВВ фуқаролардан соҳилга бориб, цунамини томоша қилишга уринишмасликни сўраган. Соҳил сувларида ва бандаргоҳларда турган кемаларга эса океанга чиқиб кетиш тавсия этилган.

Камчатка ўлкаси бўйича Фавқулодда вазиятлар вазири Сергей Лебедевнинг айтишича, Елизово туманида 3-4 метр баландликдаги цунами тўлқини қайд этилган. У аҳолини қирғоқ чизиғига яқинлашмасликка чақирган.

Камчатка губернатори Владимир Солодов бу зилзилани сўнгги ўн йилликлардаги энг кучлиси деб атаган.

“Мутахассислар аллақачон ижтимоий аҳамиятга эга объектларда эҳтимолий шикастланишларни аниқлаш учун текширув ишларига киришган. Аввало мактаблар, шифохоналар ва болалар боғчалари кўздан кечирилмоқда”, деб ёзган у ўзининг Telegram-каналида.

Петропавловск-Камчатскдаги болалар боғчаларидан бирида зилзила оқибатида бино деворларидан бири қулаган. Давлат муассасаларида иш куни қисқартирилган, маҳаллий ҳокимликларга ва бошқа ташкилотларга шундай чорани кўриш тавсия қилинган.

Сахалин губернатори Валерий Лимаренко эса Шимолий Курил оролларидаги Северо-Курилскда 7,9 магнитудали кучли зилзила содир бўлганини маълум қилган. У ерда ҳам цунами хавфи эълон қилинган ва аҳолини эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Япониянинг Тинч океани бўйидаги Ҳоккайдо дан Вакаяма префектурасигача бўлган ҳудудларида ҳам 3 метр баландликдаги цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган. Шунингдек, Гавайи ороллари ва Алясканинг айрим ҳудудларида ҳам шундай огоҳлантиришлар берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Тинч океанидаги Камчатка яримороли қирғоқларида бир қатор кучли зилзилалар содир бўлганди. 6,7 магнитудали биринчи кучли силкиниш Россия Фанлар академиясининг Геофизика хизмати томонидан маҳаллий вақт билан соат 18:28 да қайд этилган. Бироз вақт ўтгач, маҳаллий вақт билан соат 18:48 да 7,2 магнитудали зилзила содир бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

зилзила Камчатка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг