Камбағал оилалар фарзандига ОТМда қўшимча грант ажратилади
Жамият
−
15 Февраль
1835Ўзбекистонда эндиликда камбағал оила фарзандига қўшимча грант ажратилади, контракт тўловининг бир қисми қоплаб берилади. Бу ҳақда кеча, 14 февраль куни Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлари билан ўтказаётган мулоқотида маълум қилинди.
Мулоқотда камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали ечими таълим экани таъкидланди. Шунга кўра, кам таъминланган оилада ҳеч бўлмаганда битта фарзанд олий маълумотли бўлиши учун зарур шароитлар яратилади. Эндиликда камбағал оиланинг фарзандига таълим кредити фоизсиз берилади, қўшимча грант ажратилади, контракт тўловининг бир қисми қоплаб берилади.
Иқтидорли, билимга чанқоқ, лекин оғир оилавий шароити сабабли ўқиш имкониятига эга бўлмаган ёшларни хорижда ўқитиш бўйича янги тизим – “Ёрқин истеъдод” лойиҳаси жорий этилади. Бунда ҳар бир маҳалладан ижтимоий ҳимояга муҳтож, билимга чанқоқ ёшлар саралаб олиниб, иқтидори аниқланади. Уларнинг салоҳиятига мос хорижий олийгоҳ танланиб, тайёргарлик курсларида ўқитилади.
Хорижда таълим олиб қайтган ёшлар Миллий кадрлар захирасига тўғридан тўғри киритилади, улар давлат органларига танловсиз ишга олинади. Ҳар йили саралашдан ўтган 1 минг нафар ёшлар дунёнинг “топ-100” олийгоҳларига юборилиб, ўқиш ва яшаш харажатлари қоплаб берилади.
Ҳозирги вақтда дунёдаги топ-олийгоҳларда 1,5 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Президент буни Ўзбекистон учун тарихда кузатилмаган воқелик деб атади. Хорижда ўқиб қайтган ўзбекистонлик талабалар ватанда муваффақиятли карьера қилишига ёрдам берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўқув марказларида чет тилларни ўрганадиган ёшларга харажатлари қоплаб берилиши ҳақида хабар берилганди.
Моҳимбегим Маъруфалиева
LiveБарчаси