Кам қувватли АЭС қурилиши бўйича жамоатчилик фикри тингланади – “Ўзатом” вакили
Жамият
−
28 Июнь
5575Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси (КҚАЭС) қурилиши бўйича маҳаллий жамоатчилик эшитувлари ўтказилади. Бу ҳақда Атом энергияси агентлиги (“Ўзатом”) директори маслаҳатчиси Қосим Тўхтахунов Марказий Осиёда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича “Остона – Москва – Тошкент” видеокўприги чоғида сўз очди.
“Референдум масаласига келсак... Конституциямизга кўра, бу масалалар бўйича референдум ўтказишга ҳожат йўқ, лекин биз табиий равишда жойларда жамоатчилик муҳокамаларини ўтказамиз”, дейди у.
Қайд этилишича, Ўзбекистон жаҳон меҳнат тақсимотининг хомашё қўшимчаси бўлиб қолиш ниятида эмас, қўшимча қийматли маҳсулотлар етказиб бериш учун маҳаллий хомашёни қайта ишлаш режалаштирилмоқда.
“Нега уранни қайта ишлаш ва қўшимча маҳсулотлар олиш керак эмас? Президентимиз олдимизга ана шу вазифани қўйди. Шу боис атом энергетикаси масаласи биз учун ўзини оқлади ва Ўзбекистон атом энергетикасини – нафақат йирик, балки кичик модулли (атом электр станциялари)ни ҳам ишонч билан ривожлантиради, деб ишонамиз”, дейди Қосим Тўхтахунов.
“Ўзатом” раҳбари маслаҳатчиси бугунги кунда Ўзбекистон учун кичик модулли реакторлар мақбулроқ эканини таъкидлади.
“Улар анча мослашувчан, иш режими 120 фоизни ташкил қилади. Биз қайта тикланадиган энергия, қуёш энергиясини жуда кучли, кенг жорий этаётганимизни ҳисобга олсак, ҳисоб-китобларимиз шуни кўрсатадики, кичик модуллар энергия тизимининг ишлаш режимига жуда муваффақиятли, жуда уйғун кириши мумкин”, дейди Тўхтахунов.
“Ўзатом” раҳбари маслаҳатчиси “Росатом”нинг бош пудратчи сифатида танланишини “соф прагматик ёндашув” деб атади.
“Биз таҳлил қилдик: дунёда нима содир бўлмоқда, қандай компаниялар ишлаяпти, улар қандай ишлайди. Ва, табиийки, бизнинг танловимиз “Росатом” фойдасига. Бу ерда соф техник, соф прагматик ёндашув бор”, деб қўшимча қилди “Ўзатом” вакили.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия Жиззахда кам қувватли АЭС қурилиши бошланиши ҳақида протокол имзоланганди. Қозоғистонда эса 2024 йилнинг кузида атом электр станциясини қуриш бўйича референдум бўлиб ўтади.
LiveБарчаси