Қозоғистонда кузда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилади
Олам
−
27 Июнь
3470Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум 2024 йилнинг кузида бўлиб ўтади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ОАВ ходимларини тақдирлаш маросимида маълум қилди.
Давлат раҳбари бу масала ҳозир кенг муҳокама қилиниб, бу борада турли фикрлар билдирилаётганини айтиб ўтган.
“Мамлакатда атом энергетикасини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Улардан тўғри ва самарали фойдаланиш ниҳоятда муҳимдир. Бироқ бу масала бўйича якуний қарорни халқ қабул қилади. Референдум шу йилнинг кузида бўлиб ўтади. Аниқ санани эса ҳукумат белгилайди”, деган Тўқаев
Қозоғистон Президенти 2021 йилда ҳукуматга мамлакат ҳудудида хавфсиз ва экологик тоза атом энергетикасини ривожлантириш имкониятларини ўрганиш бўйича топшириқ берган эди. 2024 йил бошида у масаланинг аҳамиятини тушуниб, АЭС қуриш масаласини умумхалқ референдумига қўйишни таклиф қилганини айтди. Эндиликда, мамлакатда кенг кўламли жамоатчилик муҳокамалари ўтказилади.
“Барқарор энергия таъминотисиз иқтисодиётни ривожлантириш мумкин эмаслигини яхши биласиз. Шунинг учун мен атом электр станциясини қуриш масаласини ўрганишни топширдим. Ҳозир кенг муҳокама қилинмоқда, турли фикрлар билдирилмоқда. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ҳам фаол иштирок этиши керак”, деган Тўқаев маросимда.
Маълумот учун, Қозоғистон ўзининг биринчи атом электр станциясини Олмаота вилоятининг Жамбил туманидаги Улкен қишлоғи ҳудудида – Тошкентдан 700 км узоқликда қуришни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тўқаев Қозоғистонда АЭС қурилишини овозга қўймоқчилиги ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15