Калтакланган аёллар, жабрдийда қизлар! Aфғон аёллари “Толибон” ҳукмронлиги даврида қандай яшаган?
Таҳлил
−
01 Сентябрь 2021
32507Хабарингиз бор, жорий йил 15 август куни “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олди. 19 август куни эса ҳаракат мамлакатнинг Буюк Британия мустамлакасидан озод бўлганининг 102 йиллиги муносабати билан Aфғонистон Ислом Aмирлиги тузилганини эълон қилди.
Афғонистонда бошқарувни эгаллаган “Толибон” ҳаракати илк матбуот анжуманини ўтказганида аёлларнинг шариатдаги ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини, уларга 20 йил аввалгидек чекловлар жорий қилинмаслигини билдирди. Шу ўринда савол туғилади: “Толибон” биринчи марта ҳокимиятга келганида афғон аёллари қандай яшаган? Нега Aнжелина Жоли эълон қилган ўсмир қизнинг мактубида ўтмишдаги ҳаёт туфайли жамиятда қўрқув борлиги ва ҳуқуқлари бузилаётганидан азият чекиши ҳақида ёзилган? Келинг, бироз ўтмишга қайтамиз!
1960-йилларда Афғонистонда санъат, мусиқа, тасвирий санъатга эътибор кучайиб, болалар таълимига алоҳида эътибор берилган. Афғон аёлларининг кундалик ҳаёти тубдан ўзгариб, баъзилари офис ва дўконларда иш топган, баъзилари эса дунёвий билимларни эгаллаб, олий маълумотли бўлган.
Аммо 1996 йилда “Толибон” ҳаракати ҳокимият тепасига келгандан сўнг, вазият ёмон тарафга ўзгарди. Ўша вақтдан бошлаб “Толибон” ўз назоратидаги ҳудудларда ислом кодексини жорий қилди. Телевизор томоша қилишни ва спиртли ичимликлар сотишни тақиқлади. Санъатни бидъатнинг намойиши деб билиб, миллий ёдгорликлар, музейлар, кутубхоналар, бадиий коллекцияларни вайрон қилди, ўн минглаб фильмлар ва китобларни ёқиб юборди. Аёлларга омма олдида бошини ёпиб, анъанавий мусулмон либосини кийишни, эркакларга эса соқол қўйиб юришни мажбурий қилди.
1996-2001 йиллар оралиғида “Толибон” ушбу мажбуриятларни мусулмонларнинг белгиси сифатида қабул қилди. Ҳатто соқолини қирққан эркакларни жаримага тортиб, баъзиларини қамоққа ташлади. Уларга нисбатан жиноятчилардек муносабатда бўлиб, раҳм-шафқат кўрсатмади.
“Толибон” ҳукмронлиги даврида мамлакат қонунни бузганлик учун қаттиқ жазо чораларини қўллади. Жиноятларнинг оғирлигига қараб, одамларни қамчилашдан тортиб, оёқ-қўлларини кесишгача борди. Баъзан ўлим жазосини ҳам қўллади. Сўз эркинлиги деярли йўқ бўлиб, ҳеч ким ўзи хоҳлагандек яшамади. Кимдир нотўғри гапириб қўйса, қаттиқ жазоланиб, баъзилари ўлимга ҳам ҳукм қилинди.
1996 йил 27 сентябрда толиблар Қобулни жангсиз эгаллаб олди ва Aфғонистон Ислом Aмирлигини тузди. Назорат остидаги ҳудудда шариат қонунларини жорий қилди. Бундан энг кўп азиятни эса заифа аёллар чекди.
Мисол учун, 1996-2001 йилларда “Толибон” ҳукмронлиги даврида аёлларга жамоат жойларига бориш, ишлаш ва таълим олиш тақиқланган. Кўчага плаш ёпинмасдан чиққан аёллар тошбўрон қилинган, ҳаттоки аёвсиз калтакланган. Гўзаллик салонлари фаолияти тақиқланиб, пардоз қилиш ва тирноққа лак қўйиш қаттиқ қораланган. Ўз хоҳиши билан бурқада юрган аёллар рағбатлантирилган. Чунки “Толибон”нинг 1996 йилдаги фармонига мувофиқ очиқ кийим кийган ва тақинчоқлар тақиб юрган аёллар ҳеч қачон жаннатга кирмайди, деб ҳисобланган.
Қиз бола 8 ёшга тўлгандан бошлаб то турмуш қурмагунча ҳеч қайси эркак билан алоқа қилиши мумкин эмас эди, фақатгина баъзи қариндошлар билангина суҳбатлашишга рухсат берилган. Шунингдек аёлларга қуйидагилар тақиқланган:
• Баланд пошнали поябзал кийиш. Чунки аёлнинг оёқ товушини эшитган эркакнинг жаҳли чиқади;
• Жамоат жойида баланд овозда гаплашиш. Нотаниш киши суҳбатни эшитиши мумкин;
• Биринчи қаватдаги барча ойналарини бўяш/таъмирлаш шарт, шундагина кўчадан ўтаётган одамлар уй ичидаги аёлларни кўрмайди;
• Aёлларни расм ва видеога олиш тақиқланади, уларнинг тасвирлари газеталарда, китобларда, журналларда ва ҳатто уйда бўлмаслиги лозим;
• “Aёл” сўзи мавжуд бўлган барча ибораларни, масалан, “аёллар ҳовлиси” “баҳор ҳовлиси”га ўзгариши керак;
• Aёлларга балконда туриш, кўпинча уйдан чиқиш ҳам тақиқланади.
• Уларга ҳар қандай тадбирларга, радио, телевиденияда эфирга узатиладиган кўрсатувларга бориш ман этилади.
• Машина, мотоцикл ва велосипед ҳайдашга рухсат берилмайди, ҳатто эри/қариндоши ҳамроҳлигида бўлса ҳам.
• Улар эркаклар билан бирга жамоат транспортида юрмайди, ҳаттоки ёлғиз таксига ҳам чиқмайди. Фақатгина ёнида эри ёки қариндоши бўлсагина рухсат берилади.
Шунингдек, аёлларнинг ҳаракат эркинлигига жиддий чекловлар қўйилган, Aгар аёл эри ёки қариндошисиз кўчада юрса, калтакланган. Кўпчилиги деярли уй қамоғида бўлган. Ёлғиз юргани учун толиблар томонидан қаттиқ калтакланган афғон аёли Латифа оммавий ахборот воситаларидан бирига берган интервьюсида:
“Отам жангда ўлган. Эрим ҳам, укам ёки ўғлим ҳам йўқ. Ёлғиз юриш мумкин бўлмаса, қандай яшашим мумкин, ахир?”, деган эди.
Бундай чекловлар, қоида тариқасида, ўз уйи ва ҳудудида яшаб ишлаган кичик қишлоқларда яшовчи аёлларнинг ҳаётига камроқ таъсир кўрсатди. Бироқ улар қўшни қишлоқларга бора олмасди.
Aёллар бандлиги
1996 йил 30 сентябрда “Толибон” аёлларга ҳар қандай иш ҳақи тўлаш тақиқланиши кераклигини эълон қилди ва ҳаммасини оммавий ишдан бўшатди. Ўша пайтда давлат хизматчиларининг 25 фоизи аёллар эди. Уларнинг ишдан кетиши иқтисодиётга, бошланғич таълимга (ўқитувчиларнинг аксарияти аёллар эди) салбий таъсир кўрсатди. Минглаб ўқимишли оилалар “Толибон” шаҳарни эгаллаб олганидан кейин Қобулдан Покистонга қочиб кетди. Ҳаракат раҳбари Муҳаммад Умар аёл давлат хизматчилари ва ўқитувчиларига ойига 5 доллар нафақа беришни таклиф қилди, лекин бу фақат таклиф эди
Aёллар қолиши мумкин бўлган ягона иш жойи тиббиёт соҳаси бўлди. Унда ҳам фақат аёл беморларни даволаш учун. Шунда ҳам бир қатор жиддий чекловлар билан рухсат берилди.
“Терре дес ҳоммес” гуманитар ташкилоти аъзосининг сўзларига кўра, Қобулдаги энг катта бошпана Таскиа Мусканда толиблар ҳокимиятга келганидан сўнг, барча аёл ходимлар ишдан бўшатилган ва бу ердан бошпана топган 400 га яқин қиз бир йил давомида бинодан ҳеч қаерга чиқа олмаган.
Орадан 20 йил ўтиб, “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг барча ҳудудини эгаллади ва амалда ўз ҳокимиятини ўрнатди. Энди нима бўлади?
“Толибон” ҳаракати аъзолари журналист ва аёлларга аввалгидек зулм қилмаслигини, аёллар ҳам таълим ола-олишлигини, журналистларни танқид қилгани учун жазоламаслигини билдирди. Aёлларнинг эркаклар ҳамроҳлигисиз уйдан ёлғиз чиқиб кетишига кафолат берди. Қатл қилиш ёки тошбўрон қилиш каби барча жазолар фақат суд қарори билан амалга оширилишини таъкидлади. Шунингдек, агар аёллар бурқа кийса ишлашига ҳам рухсат беради.
Aммо бу ваъдалар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бўлаётган ҳолатларга зиддир. Хусусан, Қандаҳорда банкда ишлайдиган аёлларга, энди уларнинг ишларини эркак қариндошлари бажариши айтилган, бошқа ҳудудларда аёлларга ёлғиз кўчага чиқишга рухсат берилмаслиги ва бурқа кийишга мажбурланишлари ҳақида хабар берилган.
LiveБарчаси