Кабо-Верде терма жамоаси ватанида тантанали кутиб олинди (видео)
Спорт
−
06 июл 4966 2 дақиқа
2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этган Кабо-Верде миллий терма жамоаси ватанига қайтгач, қаҳрамонлардек кутиб олинди. Бу ҳақда RTE хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, футболчилар пойтахт Праядаги Нельсон Мандела халқаро аэропортига етиб борганида, уларни юзлаб мухлислар, ҳукумат расмийлари ҳамда мамлакат футбол федерацияси вакиллари қарши олган. Жамоанинг қайтиши Кабо-Верде мустақиллигининг 51 йиллиги нишонланаётган кунларга тўғри келган.
“Reuters”нинг хабар қилишича, Прая кўчаларига минглаб мухлислар чиқиб, давлат байроқлари, баннерлар ва плакатлар билан футболчиларни олқишлаган. Баннерлардан бирига “Obrigado! Cabo Verde” (“Раҳмат, Кабо-Верде!”) деган ёзув туширилган. Терма жамоа аввал очиқ юк машинасида шаҳар бўйлаб сайр қилган, шундан сўнг эса Кебра Канела пляжига йўл олган. У ерда байрам мусиқа ва рақслар билан давом этган.
Маълумот учун, Кабо-Верде терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этди. Гуруҳ босқичида жамоа Испания (0:0), Уругвай (2:2) ва Саудия Арабистони (0:0) билан дуранг ўйнаб, плей-офф босқичига йўлланма олди. 1/16 финалда эса Африка вакили амалдаги жаҳон чемпиони Аргентинага қўшимча вақтда 3:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Тахминан 500 минг аҳолига эга Кабо-Верде Жаҳон чемпионати тарихида плей-офф босқичига чиққан аҳолиси энг кам мамлакат сифатида қайд этилди.
Кабо-Верде терма жамоасининг муваффақиятли иштироки, айниқса, 40 ёшли дарвозабон Возиньянинг ўйини билан ёдда қолди. У нафақат ўз ватанида, балки бутун дунё футбол мухлислари орасида ҳам турнирнинг энг ёрқин кашфиётларидан бирига айланди. Аргентинага қарши баҳсдан кейин Возиньянинг обуначилар сони 21,5 миллионга етди.
Live
Барчаси