Қуёшда кучли чақнаш юз берди
Бу қизиқ
−
19 Декабрь 2023
13746Сўнгги олти йил ичида Қуёшда энг кучли Х2,8 интенсивликдаги чақнаш қайд этилди. Бу ҳақда АҚШ Океан ва атмосфера миллий бошқармаси хабар берди.
Билдирилишича, 14 декабрь куни маҳаллий вақт билан тахминан 22:00 да Қуёшда кучли чақнаш содир бўлди. Ерга энг яқин юлдузда бундай шиддатли чақнашлар охирги марта 2017 йилда қайд этилган.
Шунингдек, ушбу кучли чақнашдан аввал яна 2 та – соат 10:44 да ўртача М5,8 интенсивликдаги ва 16:48 да М2,3 даражали чақнаш кузатилган.
Россия Фанлар академиясининг Космик тадқиқотлар институти Қуёш астрономияси лабораторияси эса ушбу ҳодисанинг Ерга таъсирини ўрганди.
“Қуёшдаги портлашнинг фаол босқичи тахминан 25 дақиқа давом этди. Натижада Ернинг 1 квадрат километрга 100 Вт миқдорда рентген нурлари ёпирилди”, дейилади академия муносабатида.
Маълумот учун, Қуёшдаги бундай фаол ҳодисалар, хусусан чақнаш натижасида Ерга тушадиган қуёш плазмасининг чиқиндилари кўпинча магнит бўронларини келтириб чиқаради. Бу алоқа ва космик кемаларнинг ишлашида носозликларга, об-ҳаводаги ўзгаришларга ва юрак-қон томир касалликларидан азият чекадиган одамларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ декабрь ойида бир қанча магнит бўронлари бўлиши ҳақида хабар берилганди.