Қувайт ва Баҳрайн Эронга яширин ҳаво зарбаларини берган – WSJ

Олам

image

Қувайт ва Баҳрайн Эрон ҳудудидаги объектларга яширин ҳаво зарбаларини берган. Бу уларнинг Эронга қарши илк тўғридан тўғри ҳарбий жавоб ҳаракати бўлган. Бу ҳақда ўз манбаларга таяниб, “The Wall Street Journal” (WSJ) хабар берди.

Газета маълумотларига кўра, авиаҳужумлар ҳарбий объектлар, жумладан, дронлар ва ракеталар омборларига қаратилган. Ҳужум учун разведка маълумотлари ва ҳаводан қўллаб-қувватлашни Бирлашган Араб Амирликлари ташкил этган.

Нашрнинг ёзишича, сўнгги бир неча ҳафта давомида Теҳрон Баҳрайн ва Қувайт ҳудудларига, у ерларда жойлашган АҚШ ҳарбий базаларини нишонга олган ҳолда, бир неча бор зарбалар берган.

Шу билан бирга, Бирлашган Араб Амирликлари минтақадаги кескинликни пасайтиришни қўллаб-қувватлашини ва Ҳормуз бўғозини очишга чақирганини билдирган. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Қувайт ва Баҳрайнга қилинган ҳужумларни қоралаб, “ушбу давлатлар билан тўлиқ ҳамжиҳатлигини ва уларнинг хавфсизлиги ҳамда барқарорлигини таъминлашга қаратилган чораларни қўллаб-қувватлашини” маълум қилган.

Қайд этилишича, Қувайтнинг АҚШдаги элчиси Ал-Зайн Ал-Сабаҳ Эронга зарба берилгани ҳақидаги маълумотни рад этган.

“Қувайт давлати Эронга қарши ҳеч қандай ҳарбий операцияларда иштирок этмаган ва ўз ҳудудидан қўшни давлатларга қарши ҳужум операциялари ўтказиш учун фойдаланишга рухсат бермаган”, деган у.

Аввалроқ, 21 июль куни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) АҚШ ҳужумларига жавоб сифатида Баҳрайндаги Amazon компаниясининг дата-марказига зарба берилганини маълум қилган эди. Шунингдек, ИИҚКнинг ҳаво-космик кучлари Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базасига ракета зарбаси берган.

Айни пайтда, Эрон Қуролли кучлари Қувайтда АҚШ қўшинлари жойлашган учта ҳарбий объектга дронлар билан ҳужум қилганини билдирган.

Бундан бир неча кун аввал Эрон Қувайт, Иордания, Баҳрайн, Қатар ва Умондаги АҚШ объектларига бир вақтнинг ўзида ракета ва дронлар билан зарбалар берганини маълум қилган эди. Қувайтда нишон сифатида Patriot мажмуаси, ўқ-дори омбори ва ҳарбий радар кўрсатилган. Ушбу ҳужумлардан сўнг АҚШ Эрон ҳудудига зарбалар беришни давом эттирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг