Қўрқинчли йўллар: 4 ойда неча киши ЙТҲларда ўлгани айтилди
Жамият
−
21 Май 2021
7795Жорий йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистонда жами 2242 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. ЙТҲлар натижасида 557 киши ҳалок бўлди, яна 1684 киши жароҳатланди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вилоятлар кесимида энг кўп ЙТҲ Фарғона вилоятида содир бўлган — 328 та (биринчи чоракда — 210 та). Тошкент вилоятида — 307 та (208 та) ҳамда Тошкент шаҳрида — 286 та (170 та) авария қайд этилган.
Ўтган 4 ойда 938 та (биринчи чоракда — 620 та) авария пиёдалар, 146 таси (162 та) велосипедчилар, 243 таси (95 та) болалар ва 12 таси (10 та) мотоцикл ҳайдовчилари иштирокида содир бўлди.
Авариялар тезликни ошириш (32,4 фоиз), пиёдалар ўтиш йўлаклари йўқлиги сабабли белгиланмаган жойдан ўтиш (16,2 фоиз), устувор ҳуқуққа эга транспорт воситасини ўтказиб юбормаслик (11,6 фоиз), қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш (9,3 фоиз) каби омиллар сабаб юз берган.
Шу билан бирга, 4 фоиз авария йўл ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ва йўллардаги носозликлар, яна 4,1 фоизи эса велойўлаклар бўлмаган жойларда уларни уриб юбориш каби ҳолатларга тўғри келмоқда.
Қолаверса, ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги барча аварияларнинг 5,9 фоизига сабаб бўлган бўлса, рулда ухлаб қолиш 5,5 фоиз, автомобилни маст ҳолатда бошқариш 3,1 фоиз ЙТҲга олиб келган. Бошқа сабаблар билан боғлиқ ҳолатлар эса 7,9 фоизни ташкил этган.
LiveБарчаси