Қурилиш ва ишлаб чиқариш: солиқ қарзларида кимлар етакчи?
Жамият
−
15 Май 2179 4 дақиқа
2026 йил 1 май ҳолатига кўра, қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги корхоналарнинг жами солиқ қарздорлиги салкам 4,5 триллион сўмни ташкил этган. Буни Солиқ қўмитаси томонидан эълон қилинган фискал маълумотларда кўриш мумкин.
Қурилишда қарз уч триллионга яқинлашди
Солиқ қарзи 100 миллион сўмдан ошган қурилиш корхоналари сони 1 973 тани ташкил этган. Уларнинг жами қарзи қарийб 3 триллион сўм. Бу рақамлар катта кўриниши мумкин, аммо ундан ҳам кўпроқ эътибор тортадигани – шу қарзнинг 35,5 фоизи атиги 10 та энг йирик бўлган корхоналар зиммасига тўғри келганида. Яъни, салкам икки мингга яқин корхона орасида ўнтаси умумий юкнинг учдан бир қисмидан кўпини кўтариб турибди.
Рўйхат бошидан Андижон вилоятида рўйхатга олинган “New Building Trade Servis” МЧЖ ўрин олган – корхонанинг жами қарзи 364,8 миллиард сўм. Кейинги ўринда Тошкент шахрида рўйхатга олинган “Tash Building” МЧЖ 174,2 миллиард сўм солиқ қарздорлиги билан турибди. Эътибор берилса, топ-10 ликнинг аксарияти Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган қурилиш корхоналари.
.jpg)
Ҳудудлар бўйича ҳам тасвир аниқ: Тошкент шаҳри 958 миллиард сўм билан якка ўзи биринчи ўринда. Андижон – 666 миллиард, Тошкент вилояти эса 225 миллиард билан учинчи. Қолган ҳудудлар бу учлик олдида анча орқада қолади.
Ишлаб чиқаришда қарз камроқ, аммо концентрация юқори
Ишлаб чиқариш соҳасида вазият бироз бошқача. Қарздор корхоналар сони ва қарз ҳажми қурилишга қараганда икки баравар кам. Бунда 955 та ишлаб чиқариш корхонаси жами 1 487,8 триллион сўм солиқларни тўлаб қўйиши керак. Бироқ бу тарафда ҳам топ-10 та энг катта солиқни кечиктираётган ишлаб чиқарувчиларнинг улуши 37,8 фоиз, яъни қурилишдагидан ҳам баландроқ. Демак, ишлаб чиқаришда қарз янада тор доирада тақсимланганини кўриш мумкин.
Бу катта нишанинг етакчиси Фарғона вилоятидаги “Шаффоф Метан Саноат” МЧЖ – 187,1 миллиард сўм. Ҳудудлар кесимида эса бу сафар Фарғона вилояти – 94 та корхона 328,3 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги билан юқорида бўлган. Тошкент вилоятидан рўйхатдан ўтган 140 та корхона 295 миллиард, Андижондаги 101 та ишлаб чиқарувчи эса салкам 200 миллиард сўмлик солиқни ўз вақтида давлат бюджетига йўналтирмаган.
.jpg)
Янги қонун ким учун қулай?
Президентнинг “Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан солиқларни кечиктириб ёки бўлиб тўлаш имконияти бериладиган бўляпти. Фармонга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб корхоналар мол-мулк солиғи, ер солиғи, айланмадан олинадиган солиқ каби мажбуриятларни белгиланган тартибда кечиктириши ёки бўлиб тўлаши мумкин бўлади. Шу билан бирга, ариза кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқартирилади ва ҳудудий солиқ органларига қарор қабул қилиш ваколати берилади. Яъни, Тошкентга бормай туриб, муаммони вилоят даражасида ҳал қилиш имкони пайдо бўлади.
Назарий жиҳатдан бу кичик ва ўрта бизнес учун жуда қўл келадиган восита. Мавсумий тушкунлик, нақд пул танқислиги ёки тўсатдан юзага келган харажатлар – бу ҳолатлар айниқса қурилиш ва ишлаб чиқаришда тез-тез учрайди. Солиқни ўз вақтида тўлай олмаган кичик корхона аввал жарима, кейин ҳисоб рақамини блоклаш хавфига дуч келарди. Янги тартиб шу занжирни узишга ёрдам беради.
Бироқ асосий савол шундаки, бу имконият энг аввало кимнинг қўлида “яшнайди”?
Қарздорлар рўйхатига қаралса, жами қарзнинг 35-38 фоизи атиги ўнта йирик корхона зиммасида. Бу корхоналар аллақачон ҳуқуқий хизматларга, молиявий менежерларга ва гаров қўя оладиган мулкка эга. Янги механизмдан улар биринчилар қаторида фойдаланиши, турган гап. Бу эса аслида тўпланган қарзни янада узоқроқ муддатга чўзиш имконини беради. Кичик тадбиркорлик субъетининг эса гаровга қўядиган мол-мулки йўқ бўлиши мумкин, банк кафолати олиш учун ҳам яна алоҳида харажат керак.
Умуман олганда, йўналиш тўғри. Инқироз ёқасидаги корхонани дарров тугатиш ўрнига соғломлаштиришга уриниш – бу истиқболли ёндашув. Бироқ статистика бир нарсани яққол кўрсатяпти – қарз кичикларда эмас, йирикларда тўпланган. Шунинг учун янги қонун асосий самарасини берадиган бўлса, у тизимли назорат билан бўлиши лозим. Акс ҳолда у триллионлик қарзни эртага ҳам, индинга ҳам кечиктиришнинг қонуний йўлига айланиб қолиши мумкин.
Хулоса ўрнида
Иккала соҳа қиёсланса, умумий қарз салкам 4,5 триллион сўм солиқ тушуми ўз вақтида мамлакат бюджетига тушмай, тўпланиб қолганини кўриш мумкин. Энг муҳими – қарзнинг катта қисми бир неча йирик корхона зиммасига тўғри келган. Умуман олганда, йирик лойиҳалар, давлат буюртмалари ва улкан айланмалар кўпинча ана шу катта ўйинчилар қўлидалигини пайқаш мумкин. Улар бюджет билан ҳисоб-китобни кейинга суриш имконига эга.
Live
Барчаси