Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилинди
Жамият
−
24 Май 2019
6515Жорий йилнинг 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Қуйида қарорнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Республикамизда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, шунингдек, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган қурилиш материаллари саноатидаги таркибий ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тармоқни жадал ривожлантириш ва диверсификация қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маҳаллий минерал хомашё ресурсларини қайта ишлашга инвестицияларни жалб қилиш ва қурилиш материалларини экспорт қилиш ҳажмларини ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) 2019-2025 йилларда маҳаллий хомашё геология-қидирув ишларини олиб бориш, қазиб олиш ва қайта ишлаш асосида қурилиш индустриясининг хомашё базасини кенгайтиришпрогноз кўрсаткичлари ҳамда 2019-2025 йилларда диверсификация қилиш ва маҳсулот турларини кенгайтириш ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг мақсадли кўрсаткичлари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ, қуйидагиларни назарда тутган ҳолда:
геология-қидирув ишларини олиб бориш, қазиб олиш ва қайта ишлаш асосида қурилиш индустриясининг хомашё базаси ҳажмларини оҳактош бўйича – 13,1 миллион тоннага, гипс тоши бўйича – 1,8 миллион тоннага,лойсимон компонентлар, ғишт хомашёси, кварц қуми бўйича – 1 миллион тоннага, кўчган тоғ жинслари (базальт) бўйича – 0,1 миллион тоннага, тош-шағал материаллар бўйича – 5,6 миллион метр кубга;
ишлаб чиқариш ҳажмларини обойлар бўйича – 47 баробардан ортиқ ҳажмга, йиғилган паркет панеллари ва плиталари бўйича – 19 баробарга, ёғоч қириндили плиталар ҳамда ёғоч ва бошқа ёғочбоп материаллардан тайёрланган плиталар бўйича – 15 баробарга, газбетон блоклари бўйича – 7 баробарга, лак-бўёқ материаллари ҳамда энергия ва иссиқликни тежовчи флоат-технология асосида ишлаб чиқарилган архитектура-қурилиш ойнаси бўйича – 4 баробарга, базальтдан тайёрланадиган композит арматура бўйича – 3 баробарга ва цемент бўйича – 2 баробарга ошириш;
б) халқаро молиявий институтлар ва хорижий банкларнинг кредитларини жалб қилиш орқали молиялаштириладиган,2019-2021 йилларда қурилиш материаллари саноати соҳасида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳаларнингйиғма кўрсаткичлари ҳамда 2019-2021 йилларда қурилиш материаллари саноати соҳасида амалга ошириладиганистиқболли лойиҳалар рўйхати (кейинги ўринларда – Рўйхат) 3 ва 3.1-иловаларга мувофиқ;
в) 2019-2020 йилларда қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар (кейинги ўринларда – Комплекс чора-тадбирлар) 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига Комплекс чора-тадбирларда кўзда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
Белгилансинки:
вазирлик ва идоралар раҳбарлари Комплекс чора-тадбирларда кўзда тутилган вазифаларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан маълумотларни ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига киритиб борадилар ва ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисларида кўриб чиқилади;
Вазирлар Маҳкамаси Комплекс чора-тадбирларда кўзда тутилган вазифаларнинг ижроси натижаси ва самарадорлиги тўғрисидаги батафсил маълумотларни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг Комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳолати бўйича ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиб бориш амалиётини жорий этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси:
а) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг минерал хомашё базасини ривожлантириш ва такрор ҳосил қилиш давлат дастурини шакллантиришда янги конларни аниқлаш учун норуда фойдали қазилма бойликлари майдонларини геологик ўрганиш улушини 15 фоизга оширишни назарда тутсин;
б) бир ой муддатда норуда фойдали қазилма бойликлар мавжуд ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича лицензиялар бериш тартибини мурожаатчилар зарур малакали мутахассисларга эга бўлиши ҳақидаги мажбурий лицензия талабини жорий этган ҳолда янада такомиллаштириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
в) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси (кейинги ўринларда – Уюшма) билан биргаликда қуйидагиларни ўз ичига олган қўшма чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин:
минерал хомашёни геологик ўрганиш, қазиб олиш ва қайта ишлашда ер қаъридан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишни, саноат ва тажриба-саноат шаклда қазиш учун берилган конларда кончилик ишларини маркшейдерлик ва геологик таъминлаш;
фойдали қазилма бойликларининг селектив танловига, фойдали қазилма бойликлари жойлашган майдонларда асоссиз ва ўзбошимчалик билан қурилмалар қурилишига йўл қўймасликка алоҳида аҳамият қаратган ҳолда ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ лицензия талабларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан назоратни кучайтириш;
минерал хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлашда фойдали қазилма бойликларининг меъёрдан ортиқ йўқотилишига йўл қўйилганлиги ҳолатларини аниқлаш;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, шу жумладан, аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиб бориш орқали.
4. 2019 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт қилинаётган маҳсулотини сертификатлаштириш бўйича харажатлари “Ўзстандарт” агентлигининг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Экспортни ривожлантириш агентлиги томонидан қопланади;
б) тадбиркорлик субъектларининг солиққа тортиш базаси беш йил давомида тенг улушларда норуда фойдали қазилма бойликлари конларини ўзлаштириш учун зарур бўладиган муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини қуриш харажатлари миқдорига, бироқ Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Транспорт вазирлиги томонидан белгиланадиган нормативларга мувофиқ ҳисобланадиган суммадан ортиқ бўлмаган миқдорга камайтирилади;
в) тегишли синовлардан ўтган ва белгиланган тартибда мувофиқлик сертификати берилган қурилиш материаллари қурилиш ишларида қўлланилиши мумкин;
г) техноген минерал ҳосилаларнинг тури ёки кўриниши, уларнинг миқдор ва сифат кўрсаткичлари ҳамда уларни сақлашнинг кон-техникавий шарт-шароитларини тавсифловчи маълумотлар тадбиркорлик субъектларига уларнинг сўровига асосан бепул тақдим этилади;
д) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
кредит суммасидан қатъи назар қурилиш материаллари саноати соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун 2022 йил 1 июлга қадар жалб қилинадиган тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари бўйича фоиз харажатлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошган миқдорида, бироқ 10 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда, шунингдек, хорижий валютадаги кредитлари бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 40 фоизи миқдорида, бироқ 4 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда қопланади;
қурилиш материаллари саноати соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун 2022 йил 1 июлга қадар жалб қилинадиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар берилади.
5. 2021 йил 1 январга қадар олиб келинаётган хомашё 5-иловадаги рўйхатга мувофиқ божхона божларини тўлашдан озод этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва Уюшманинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) қурилиш материаллари саноати соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш учун 2019-2021 йилларда халқаро молиявий институтлар ва хорижий банкларнинг 500 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдордаги узоқ муддатли имтиёзли кредит линияларини (кейинги ўринларда – кредит линиялари) жалб қилиш ва фойдаланиш;
б) кредит линиялари ҳисобига қурилиш материаллари саноати соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришнинг қуйидаги механизмини жорий этиш:
кредит линиялари маблағлари биринчи навбатда Рўйхатга киритилган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади;
лойиҳалар импорт орқали келтириладиган асбоб-ускуналар, хомашё, материаллар ва бутловчи қисмларнинг қиймати миқдорида, бироқ лойиҳа бўйича умумий капитал харажатларнинг 70 фоизидан ошмаган миқдорда молиялаштирилади;
Рўйхатга киритилган лойиҳаларни кредит линиялари маблағларидан молиялаштириш ҳажмларини кўзда тутилган лимитлардан ошириш ҳамда Рўйхатга киритилмаган лойиҳаларни молиялаштириш тижорат банки томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва Уюшма билан биргаликда икки ой муддатда лойиҳани амалга оширишнинг аниқ механизмлари ва муддатлари, шунингдек, лойиҳа ташаббускорлари ва масъул ижрочиларини кўзда тутган ҳолда ҳар бир лойиҳа кесимида кредит линиялари маблағларини жалб қилиш ва ўзлаштириш бўйича тармоқ жадвалларини тасдиқласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг энергия тежамкорлик мезонларига мувофиқ келмайдиган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларни 2021 йил 1 январга қадар кўмирдан ва табиий газга муқобил бўлган бошқа ёқилғи турларидан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Уюшма билан биргаликда:
икки ҳафта муддатда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини назарда тутган ҳолда цемент ишлаб чиқарувчилар, ғишт заводлари, сўндирилган оҳак ишлаб чиқарувчи цехларнинг энергия тежамкорлигини, шу жумладан, кўмирдан ва табиий газга муқобил бўлган бошқа ёқилғи турларидан фойдаланишга ўтказиш орқали босқичма-босқич ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқласин;
2019 йил 1 сентябрга қадар энергия тежамкорлик мезонларига мувофиқ келувчи асбоб-ускуналар ва технологияларни таснифловчи коэффициентлар, меъёрлар ва мезонлар ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини таъминласин;
ҳар йили 1 ноябрга қадар корхоналарни хатловдан ўтказишни ва табиий газ сарфининг шартли меъёрлари энергия тежамкорлик мезонларига мувофиқ келувчи корхоналар рўйхатининг тасдиқланишини таъминласин;
қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларни кўмирдан ва табиий газга муқобил бўлган бошқа ёқилғи турларидан фойдаланишга ўтказишда атроф-муҳитга етказиладиган зарарни минималлаштириш бўйича экологик талабларга амал қилинишини таъминласин;
тадбиркорлик субъектлари учун мамлакатда қазиб олинадиган кўмирнинг прогноз ҳажмлари ва сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги йиллар ва ҳудудлар кесимидаги маълумотлардан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлансин.
9. Қуйидагилар:
2021 йилнинг 31 декабрига қадар давлат томонидан қўллаб-қувватлаш орқали қабул қилинадиган қурилиш материаллари соҳасидаги халқаро стандартлар рўйхати 6-иловага мувофиқ;
2019 йилда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасининг қурилиш меъёрлари ва қоидалари рўйхати 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
“Ўзстандарт” агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги 6 ва 7-иловаларда назарда тутилган меъёрий ҳужжатларнинг ўз вақтида қайта кўриб чиқилиши ва қабул қилинишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 6 ва 7-иловаларда назарда тутилган меъёрий ҳужжатларнинг қайта кўриб чиқилиши ва қабул қилинишининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Чора-тадбирлар дастури) 8-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлигининг асослантирилган буюртманомаларига асосан Чора-тадбирлар дастурини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағларнинг ажратилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ва Уюшманинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) қуйидагилар учун масъул бўлган “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси раисининг илм-фан ва инновациялар бўйича биринчи ўринбосари лавозимини киритиш:
қурилиш материаллари саноатини инновацион ривожлантириш, талаб юқори бўлган сифатли маҳсулот турларини кенгайтириш, шунингдек, тармоқнинг экспорт салоҳиятини оширишга доир илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш;
инновациялар учун буюртмалар портфелини шакллантириш ишларини ташкиллаштириш, ишлаб чиқилган технологияларнинг тажриба-саноат синовларини олиб бориш, янги турдаги қурилиш материалларининг синов партиясини ишлаб чиқариш ва уларни серияли ишлаб чиқаришга қўйиш бўйича тайёргарлик тадбирларини амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;
илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар натижаларини юқори қўшилган қийматли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга жорий этилишини таъминлаш ҳамда илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;
б) “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қошида қуйидагилар учун масъул бўлган Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашини (кейинги ўринларда – Илмий-техникавий кенгаш) тузиш:
замонавий инновацион ишланмаларни ҳисобга олган ҳолда қурилиш меъёрлари ва қоидаларини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш, янги турдаги энергия тежамкор ва экологик жиҳатдан хавфсиз қурилиш материалларнинг тезкорлик билан амалиётга жорий этилиши ва қўлланилишини таъминлаш;
юқори қўшилган қийматли янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга қаратилган илмий-техникавий, тажриба-конструкторлик, инновацион ва стартап-лойиҳаларни кўриб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва уларни саралаб олиш бўйича илмий асосланган хулосалар ишлаб чиқиш;
қурилиш материаллари саноатига инновацияларни жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибалар ва технологик жараёнларни ҳар томонлама ўрганиш;
юқори тижорат салоҳиятига эга ва рўёбга чиқаришга тайёр бўлган истиқболли стартап-лойиҳаларни танлаш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
мамлакатимизнинг илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий ва инновацион салоҳиятидан кенг фойдаланиш орқали янги турдаги юқори самарадор қурилиш материалларини яратишга қаратилган мақсадли дастурларни шакллантириш.
12. Белгилансинки:
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси раисининг илм-фан ва инновациялар бўйича биринчи ўринбосари Уюшма таъсисчиларининг қарорига мувофиқ сайланади;
инновацион ривожланиш вазири лавозими бўйича Илмий-техникавий кенгашнинг раиси ҳисобланади;
Илмий-техникавий кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири, қурилиш вазири, “Ўзстандарт” агентлиги бош директори ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси раисининг қўшма қарори билан шакллантирилади;
Илмий-техникавий кенгашнинг қурилиш меъёрлари ва қоидаларини такомиллаштириш, инновацион ишланмаларни ҳамда янги турдаги энергия тежамкор ва экологик жиҳатдан хавфсиз қурилиш материалларини жорий қилишга доир таклифлари қурилиш тармоғини техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун асос бўлади.
13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бир ой муддатда:
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Бухоро муҳандислик-технология институти, Жиззах политехника институти ва Фарғона политехника институтида “Қурилиш материаллари, буюмлари ва қурилмаларини ишлаб чиқариш технологиялари”, “Йиғма темирбетон, бетон қурилмалар ва буюмларни ишлаб чиқариш”, “Материалшунослик ва янги турдаги қурилиш материаллари технологияси (турлари бўйича)”, “Деворбоп ва пардозбоп қурилиш материаллари технологияси” таълим йўналишларида кундузги ва сиртқи ўқув шакллари бўйича кадрлар тайёрлашни ташкиллаштириш чораларини кўрсин;
Бухоро муҳандислик-технология институти, Жиззах политехника институти ва Фарғона политехника институтига таълим йўналишлари бўйича 2019/2020 ўқув йилига қабул квоталари юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Белгилансинки:
техника йўналишидаги олий таълим муассасалари 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда вазирлик, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектлар (иш берувчилар)нинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, қурилиш материаллари саноати соҳасидаги таълим йўналишларида сиртқи ўқув шакли бўйича тўлов-шартнома асосида талабаларни ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқига эга;
қурилиш материаллари саноати соҳасидаги таълим йўналишларида сиртқи ўқув шакли бўйича талабаларни ўқишга қабул қилиш қурилиш материаллари саноати соҳасидаги корхоналарда ишлаётганлар орасидан иш берувчиларнинг тавсияномасига ва ўтказилган суҳбат натижаларига асосан амалга оширилади;
Уюшма, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қурилиш материаллари саноати корхоналарини талабаларнинг амалий машғулотлари, ўқув-таништирув ва дипломолди амалиётларини ўтказиш учун жалб қилишга масъул ҳисобланади.
14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:
Уюшма билан биргаликда бир ой муддатда етакчи хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган илғор технологияларни қўллаш бўйича малака ва кўникмаларни ошириш марказларини ташкил этишга доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда қурилиш материалларининг таннархини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳни ташкил этган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг харажатларини оптималлаштириш бўйича таклифлар киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси манфаатдор идоралар билан биргаликда, шу жумладан, маҳсулотларнинг биржа савдоларига қўйилиши ва сотилишида шаффофликни таъминлаш ва нархлар бўйича кунлик мониторинг олиб бориш йўли билан қурилиш материаллари нархларининг асоссиз равишда оширилишига йўл қўймаслик чораларини кўрсин.
16. Уюшма, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг:
қурилиш материалларининг кўргазмали намуналари ва республикада мавжуд бўлган норуда хомашёси ресурслари, илғор технологиялар, ускуналар ҳамда маҳаллий ва хорижий тармоқ илм-фанининг ютуқлари тўғрисидаги мунтазам янгиланиб турилувчи маълумотлар базасини ўз ичига олган доимий фаолият юритувчи кўргазма ташкил этиш;
“Кварц” АЖнинг 2018 йил якуни бўйича соф фойдасининг бир қисмини ва ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойдасини капитализация қилиш ва маблағларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 сентябрдаги “Кварц” АЖда листланган ойна ишлаб чиқариладиган янги флоат-линиясини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5374-сон фармойишига мувофиқ амалга оширилаётган инвестиция лойиҳасини молиялаштиришга мақсадли йўналтириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги бир ой муддатда Уюшмага Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Тафаккур кўчаси, 68-А уй манзилида жойлашган маъмурий бинонинг давлат мулки сифатида бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилишини таъминласин.
18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 9-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова ва Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А.Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2019 йил 23 май
LiveБарчаси