Қўқонда фуқароларга сохта тўппонча ўқталиб, видео олган блогер қамалди
3-саҳифа
−
30 Июнь
10841Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида эркак фуқароларга тўппонча ўқталиб, буни видеога олди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро шаҳардаги клубларнинг бирини реклама қилиш мақсадида сохта тўппонча билан фуқароларга ўқталган ва буни видеога олган. Видео ижтимоий тармоқлардаги бир нечта саҳифаларга жойлангач, кўплаб муҳокамага сабаб бўлган.
“Қўқон шаҳар Ички ишлар ходимлари мени чақирди. Қилган ишимдан пушаймонман. Бошқа қинғир ишлар бажармайман, узр сўрайман”, деган у.
Суриштирувлар давомида ушбу шахс томонидан олдин ҳам бир нечта ҳуқуқбузарликлар содир этилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Қўқон шаҳар судига юборилган. Суд эса мазкур моддаларга асосан унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда пиар учун жанжал уюштирган блогер 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси