Қўқонда 66 ёшли эркак танишини ухлаб ётганида лом билан уриб ўлдирди
3-саҳифа
−
11:47 1180 2 дақиқа
Жорий йилнинг 4 апрель куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида 66 ёшли эркак спиртли ичимлик истеъмол қилган танишини темир лом билан уриб ўлдирди. Бу ҳақда Олий суднинг Жамоатчилик билан алоқалар маркази бош консультанти Азиз Абидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса куни соат 18:00 лар атрофида икки таниш судланувчининг хонадонида бирга спиртли ичимлик истеъмол қилган. Мастлик оқибатида улар ўртасида оғзаки жанжал келиб чиққан. Жанжал вақтида марҳум судланувчининг юзига бир неча марта урган.
Шундан сўнг, 66 ёшли эркак ҳовлидаги темир ломни олиб, яшаш хонасида ухлаб ётган танишининг юз ва бош қисмига, шунингдек, танасининг бошқа жойларига бир неча бор зарба берган. Оқибатда жабрланувчи вафот этган.
Билдирилишича, мазкур жиноят иши Қўқон шаҳар жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилган. Судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлган ва суд томонидан тўпланган далиллар асосида унинг айби тасдиқланган.
Суд ҳукми билан эркак Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) иккинчи қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 50-моддаси (Озодликдан маҳрум қилиш) тартибида 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Касби туманида она 3 яшар ўгай қизини уриб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси