Қримда ҳарбий полигон портлади. Аҳоли эвакуация қилинмоқда

Олам

image

Бугун, 19 июлга ўтар кечаси Қримнинг Кировский туманидаги полигонда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Россия томонидан тайинланган Қрим маъмурияти раҳбари Сергей Аксёновга таяниб, “Газета.ru” хабар берди.

Бугун, 19 июль куни эрталаб соат бешлар атрофида Telegram-каналларда портлашлар эшитилаётган ёнғин видеолари эълон қилинди. Эрталаб соат олтида Россия ҳарбийлари полигон ҳудудидаги йўлларни тўсиб қўйди.

Қрим маъмурияти раҳбари Сергей Аксёнов аҳолининг вақтинча эвакуация қилинишини маълум қилган. Полигон яқинида жойлашган Приветное, Айвазовское, Абрикосовка ва Кринички аҳоли пунктлари аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Аксёновнинг сўзларига кўра, расмийлар икки мингдан ортиқ одамни эвакуация қилишни режалаштирган. Шунингдек, у ёнғин содир бўлган ҳудудда Таврида шоссесининг тўсиб қўйилгани ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича штаб ташкил этилганини билдирди.

Маҳаллий ҳукумат ёнғин сабабларини айтмаган. Аксёновнинг сўзларига кўра, буни тергов органлари аниқлаши керак. Шу билан бирга, "Қрим шамоли" Telegram-канали маҳаллий аҳолига таяниб, омборда учта  ракета ёки дрон зарбалари берилганини ёзган. 

Украина ва Россия ОАВлари гўёки Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг баёнотига таяниб, ёнғинда Украина Қуролли кучларининг иштироки ҳақида хабар тарқатган. Бироқ Украина ҳарбий разведкасининг расмий вакили Андрей Юсов “Будановнинг баёноти” сохта эканини айтиб чиққан.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса  Владимир Путинга полигондаги портлашлар ҳақида аллақачон ахборот берилганини айтган. 

"Албатта, бу ҳақда президентга хабар беришмоқда. Сергей Аксёнов жуда тез жавоб қайтарди. Ёнғин содир бўлганини биламиз. Шошилинч чоралар кўрилмоқда, вазиятга ойдинлик киритилмоқда", деган Песков.

Маълумот учун, Қримдаги объектлар аллақачон бир неча бор ҳужумга учраган. Масалан, 2022 йил август ойида Қримнинг Новофедоровка қишлоғи яқинидаги Саки ҳарбий аэродромида бир қатор портлашлар содир бўлган. Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги воқеадан сўнг дарҳол портлашлар оқибатида аэродромдаги авиация техникаси шикастланмаганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Қрим полигон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг