Қрим Украинаники эди ва шундай бўлиб қолади – Россияга қарши 60 давлат бир ёқадан бош чиқараётгани айтилди
Олам
−
22 Август 2022
9950Эртага, 23 август куни онлайн тарзда ўтказиладиган Қрим платформаси иккинчи форумида 60 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар иштирок этишини тасдиқлади. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
"Бугунги кунга қадар Халқаро Қрим платформасининг иккинчи саммитида иштирок этиш аллақачон 60 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган. Уларнинг 40 га яқини Президентлар ва Бош вазирлар даражасида", дейилади вазирлик сайтида эълон қилинган хабарда.
Вазирлик форумда айнан қайси давлатлар қатнашишига аниқлик киритмаган.
"Душманимизга вазифани осонлаштирмаслик учун барча тафсилотларни ошкор қилмайман. Эртага ҳаммасини кўрасиз", дейди Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба.
Унинг қайд этишича, расмий Киев Қрим платформасини чинакам глобал қилиш учун барча қитъалар давлатларини бу формат нафақат Қримга, балки адолат, халқаро ҳуқуқ, чегаралар ва ҳудудий яхлитлик тамойилига риоя қилиш эканига фаол ишонтирган.
"Дунё давлатларининг мутлақ кўпчилиги ушбу тамойилларга риоя қилиш ўз мамлакатлари ва халқлари хавфсизлигининг асоси, деб ҳисоблайди. Шунинг учун бутун дунё Қримни ишғолдан чиқариш ва халқаро ҳуқуқни тиклашдан иборат Халқаро Қрим платформаси муваффақиятидан манфаатдор", дейди вазир.
Таъкидланишича, Қрим платформаси саммити кенг кўламли уруш фонида, айниқса, долзарбдир. Россия тажовузкорлиги Қрим ишғолини тугатиш масаласи қанчалик долзарб эканлигини кўрсатади. Зеро, Россия босиб олинган ярим оролдан ўзининг тажовузкорлиги ва бутун дунёни беқарорлаштириш учун ҳарбий база сифатида фойдаланмоқда. Қримнинг Украина назорати остига қайтарилиши бутун Қора денгиз минтақаси, Европа ва дунё хавфсизлигини кафолатлайди. Қрим платформаси саммити иштирокчилари сони учдан биридан кўпроққа ошгани, қатнашиш географияси чинакам глобал тус олгани Қримни қайтариш масаласида бутун дунё Украина томонида эканлигини кўрсатади.
"Қримнинг қайтарилиши Президент Зеленский дипломатик жамоасининг асосий тамойилларидан биридир. Бу биз ҳеч қачон тарк этмайдиган ва унутмайдиган вазифадир. Адолат тикланади ва Қрим Украинаники бўлган, шундай бўлиб қолади ҳам", дейди сўзлари якунида вазир.
Украина дипломатик миссияси 2022 йилда форум глобал миқёсда бўлишини таъкидлади. География, хусусан, Африка қитъаси ва Атлантиканинг нариги томонидаги мамлакатлар ҳисобига кенгаяди.
2021 йил 23 август куни Киевда “Қрим платформаси”нинг биринчи форуми бўлиб ўтди, у қабул қилинган декларацияга кўра, “Қримни Украинага қайтаришга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш” платформасига айланиши кўзда тутилган. Платформани яратиш ташаббуси билан Украина Президенти Владимир Зеленский 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаган эди. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина ташаббуси билан ўтказилган учрашувни шарҳлар экан, уни “Ғарб замонавий Украина расмийларининг неонацист ва ирқчилик туйғуларини тарбиялашда давом этадиган шанба” деб атаган.
LiveБарчаси