Қрим кўпригига бир ҳафта ичида учинчи бор ҳужум қилинди
World
−
09:32 185 2 minutes
Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолини Россия билан боғловчи Керч кўпригига яна ҳужум қилинди. Бу сафар ҳам кўприкда транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Россия томонидан тайинланган Қрим губернатори Сергей Аксёнов кеча, 18 ноябрь куни Telegram-каналида маълум қилди.
“Қрим кўпригига янги ҳужумдан сўнг транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Барча тегишли хизматлар воқеа жойида ишламоқда. Етказилган зарар баҳоланмоқда”, деб ёзган у.
18 ноябрдаги ҳужум ушбу ҳафтада кўприкка уюштирилган учинчи ҳужум бўлди. Аввалги ҳужумлар оқибатида Керч бўғози устидан ўтган кўприкнинг автомобиль йўлига тегишли 227 метрли қисми вайрон бўлган. Темирйўл қисми ҳам зарар кўрган, бироқ ундан фойдаланиш давом этаётгани айтилмоқда.
Украина қуролли кучларидаги манбалардан бири аввалги ҳужумлар Россия президенти Владимир Путинни халқаро майдонда ноқулай аҳволга солиш мақсадида амалга оширилганини билдирган. Унинг айтишича, кўприк Путиннинг ҳукмронлиги рамзи ҳисобланади. Уни вайрон қилиш орқали Россия раҳбарининг кучи ҳақидаги тасаввурга зарба бериш кўзланган.
Маълумотларга кўра, Қрим кўприги 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган яриморолни Россия ҳудуди билан боғлайди. Украина бу кўприк қурилишини ноқонуний деб ҳисоблайди. Киев аввал ҳам унга ҳужум қилган: 2022 йилда юк машинасига ўрнатилган бомба, 2023 йилда эса денгиз дрони ёрдамида кўприк шикастланган.
Эслатиб ўтамиз, Украина Қуролли кучлари жорий йилнинг 17 ноябрга ўтар кечаси Қрим кўпригига яна ҳужум қилган эди. Ҳодиса ортидан Қрим ва Россиянинг Краснодар ўлкасида ракета хавфи эълон қилиниб, кўприкда автомобиллар ҳаракати тўхтатилганди.
Live
All