Қрим кўпригида юз берган портлаш юзасидан Россия жиноий иш очди
Олам
−
17 Июль 2023
7775Бугун, 17 июлга ўтар кечаси Қрим кўпригида портлашлар содир бўлганди. Ушбу ҳолат юзасидан Россия Тергов қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда мамлакат Миллий аксилтеррор қўмитаси маълум қилди.
Мазкур портлаш юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси (Террорчилик ҳаракати) билан жиноят иши очилди. Ҳужумда Украина разведка хизматлари айбланган.
“Соат 03:05 да Украинанинг иккита дрони Қрим кўпригига ҳужум қилди. Амалга оширилган террорчилик ҳаракати оқибатида Қрим кўпригининг йўл қисми шикастланган”, дейилади Миллий аксилтеррор қўмитаси хабарида.
Тергов ҳужумда иштирок этган Украина махсус хизматлари ва қуролли тузилмалари орасидан шахсларни аниқламоқда.
Украинанинг “РБК-Украина” ва “Обозреватель” нашрлари Қрим кўпригига ҳужум Украина Хавфсизлик хизмати ва мамлакат ҳарбий-денгиз кучларининг махсус операцияси эканини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Қрим кўригига тунда қилинган ҳужум оқибатида Белгород вилоятидан эр-хотин вафот этиб, уларнинг қизи ўртача оғирликдаги жароҳатлар олган. Шунингдек, Қрим ва Кубан ўртасидаги паром қатнови иши тўхтатилган. Фавқулодда ҳолат сабаб Краснодар ўлкасидаги Қрим кўпригига кираверишда кўп километрлик тирбандлик юзага келган.