Қозоқлар Тўқаевга қарши чиққан Қодировга тарихни эслатиб қўйди 

Олам

image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 1944 йилда ярим миллион чеченлар Қозоғистонга депортация қилингани, уларни қозоқлар очликдан ва совуқдан қутқариб қолганини унутиб қўйибди. Бу ҳақда қозоғистонлик журналист Сергей Пономарёв Facebook саҳифасида ёзиб қолдирган. 

Шу тариқа, журналист Рамзан Қодировнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар, хусусан, Қозоғистон Украинадаги ҳарбий можаро бўйича ҳеч қандай позицияга эга эмаслиги, мамлакат Ғарб санкцияларидан қўрқиб, Москванинг тарафини тутмаётгани, шунингдек Россия Қозоғистонни қандай қилиб балолардан қандай қутқарганини унутгани ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарган. 

“Келажак авлоднинг бундай паст хотирага эга бўлишини кутмаган эдим. Совет ҳукумати раҳбариятининг сўзларига кўра, 1944 йил февраль ойида ишончсиз ва Гитлер томонига ўтишга тайёр бўлган деярли 500 минг чеченлар вагонларда Қозоғистонга озиқ-овқат ва иссиқ кийимсиз жўнатилган", дейди Пономарёв.

Журналистнинг сўзларига кўра, чеченлар Қозоғистондан Ватанларига қайтган кун у Грознийда бўлган. 

“Уйга бирдек, кўзларида ёш билан қайтганлар қозоқлар ҳақида шундай илиқлик, миннатдорлик ва ҳурмат билан гапиришди! Қозоқлар қишда чеченларнинг очликдан ўлишларига йўл қўймадилар. Улар ўзларининг нонларини иккига бўлиб, чечен болаларига беришди, уларга ўз кулбаларида бошпана беришди", дейди Пономарёв.

Журналист шунингдек, Чеченистоннинг биринчи Президенти Жоҳар Дудаев ўз интервьюларидан бирида Қозоғистон чеченларнинг иккинчи ватани эканини айтганини эслаган. Шунингдек, Пономарёв чеченлардан Рамзан Қодировга тарихни ёдга солиб қўйишни сўраган. 

Маълумот ўрнида, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи мажлисида ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛХР)ни тан олмаслиги ва уларни квази-давлатлар деб ҳисоблашини маълум қилганди. 

Шундан сўнг, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Россияга ҳеч қандай фойдаси тегмаслиги, бироқ Москва ҳаммага ёрдам беришини, хусусан, Россия Қозоғистон ва Беларусни қутқариб қолганини айтганди. 

“Европа етакчилари [Россия Президенти Владимир] Путиннинг олдига келади, телефон орқали музокаралар олиб боради, улар Украина манфаатларини ҳимоя қилади, бизнинг КХШТ аъзоларимиз, нега жим турасиз? Нега қўшниларингиз ҳақида гапирмайсиз, нега урушни тугатишга ҳаракат қилмайсиз? Нега аждодларимизни ўлдирган фашистларга, бандераларга қарши позициянгиз йўқ. Худди, ҳеч нарса бўлмагандек, санкциялардан қўрқиб, ҳамма жим”, дея КХШТ раҳбарларини танқид қилган Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Қозоғистонда содир бўлган фожиали воқеаларни тинчитиш учун Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти кучларининг мамлакатга киришини сўраган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

943

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг