Қозоғистонликлар Ўзбекистон билан чегарада қолиб кетди. ТИВ баёнот берди

Олам

image
0:00
0:00
download

Аввалроқ, Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари вақтинча ўз ишини тўхтатгани ҳақида хабар берган эдик. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, мазкур чегарада 50 га яқин қозоғистонлик Ватанига қайта олмай, қолиб кетган. 

“Бу ҳолат Ўзбекистондаги дипломатларимизнинг алоҳида назоратида. Ўзбекистон томони билан музокаралар олиб борилмоқда. Вазиятни имкон қадар тезроқ ҳал қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Фуқароларимиз уч маҳал овқат билан таъминланган, улар билан доимий алоқадамиз”, деган ТИВ расмий вакили Ойбек Смадияров.

Унинг таъкидлашича, дастлаб чегарада 80 га яқин Қозоғистон фуқароси бўлган, бироқ уларнинг бир қисми Нукусга қайтиб борган.

Orda.kz маълумотларига кўра, чегарада қолиб кетган баъзи болаларнинг иссиқ сабаб иситмаси кўтарилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги “Даут-ата” – “Тажен” (автомобиль йўли) назорат-ўтказиш пунктида ахборот тизимидаги носозликлар туфайли одамлар, транспорт воситалари ва юклар ўтиши вақтинчалик тўхтатилган.

Тахминларга кўра, назорат-ўтказиш пунктларининг ўз ишини тўхтатганига носозликлардан ташқари Қорақалпоғистондаги намойишлар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Чунки, “Даут-ата” назорат-ўтказиш пункти Қорақалпоғистонда жойлашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Ўзбекистон Даут-ата Тажен

Баҳолаганлар

905

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг